Жаҳон | 08:28
1938
3 дақиқада ўқилади

Рейтинг: дунёдаги энг йирик 15 та мудофаа бюджети

2025 йил якунларига кўра, тарихда илк бор энг катта ҳарбий харажатларга эга бўлган ўн беш давлат жами ҳисобда мудофаа учун икки триллион доллардан ортиқ маблағ йўналтирди.

Фото: REUTERS

Жаҳон миқёсидаги умумий мудофаа харажатлари ҳам рекорд даражага — 2,6 триллион долларга етди. Бу эса геосиёсий устувор йўналишлар жиддий қайта кўриб чиқилаётганидан далолат беради.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, айнан шу ўн беш давлат ҳарбий бюджетлар ўсишининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган. АҚШ ҳали ҳам харажатлар миқёси бўйича мутлақ етакчи бўлиб қолаётган бўлса-да, энг сезиларли ўзгаришлар Европада кузатилмоқда. Бу ерда давлатлар энди фақат мудофаа қобилиятини сақлаб қолиш билан чекланмай, уни фаол равишда кучайтирмоқда.

2025 йилда АҚШнинг мудофаа бюджети 921 миллиард долларга етди. Бу Хитой, Россия, Германия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Франция ва Япониянинг жами ҳарбий харажатларидан ҳам кўпроқдир.

Истиқболда Дональд Трамп 2027 йилга бориб мудофаа харажатларини 1,5 триллион долларга етказишни таклиф қилган, аммо бу режа ҳозирча амалга оширилмаган. Агар у ҳаётга татбиқ этилса, харажатлар совуқ уруш давридаги энг юқори кўрсаткичлардан реал ҳисобда тахминан 90 фоизга юқори бўлади.

Хитой 2025 йилда 251,3 миллиард долларлик ҳарбий бюджет билан дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Унинг Осиёдаги ҳарбий харажатлардаги улуши 44 фоизга етган, ҳолбуки 2017 йилда бу кўрсаткич 39 фоиз эди. Бу мамлакатнинг минтақавий таъсири тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.

Россиянинг ҳарбий бюджети 2025 йилда 186,2 миллиард долларга етди. Бу бир йил ичида 40 миллиард доллардан ортиқ ўсишни англатади ва мамлакат ЯИМнинг 7,3 фоизини ташкил қилди.

Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси давом этаётгани ва АҚШ босими фонида Европадаги НАТО давлатлари 2035 йилга қадар мудофаа харажатларини ЯИМнинг 3,5 фоизигача етказиш мажбуриятини олди. Пул ифодасида бу тахминан 1,2 триллион долларга тенг бўлиши мумкин. Бу эса минтақа учун совуқ урушдан бери энг йирик ҳарбий бюджетлар ўсиши бўлади.

Россияни ҳисобга олмаганда, Европа дунёдаги энг катта ўн беш мудофаа бюджетидан олтитасига эга. Уларда Германия (107,3 миллиард доллар) ва Буюк Британия (94,3 миллиард доллар) етакчилик қилмоқда. Айни пайтда, ҳар икки давлат ҳам 2024 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда харажатларини ўнлаб миллиард долларга оширди.

Аввал секин-аста ўсиш бўлиб кўринган жараён энди жадал тезлашувга айланди: мудофаа ривожланган иқтисодиётларда энг тез ўсиб бораётган харажат йўналишларидан бирига айланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид