Жаҳон | 19:44
4615
6 дақиқада ўқилади

АҚШ–Эрон уруши фонида Туркия нега асабийлашмоқда?

НАТО парчаланиб кетган тақдирда, Исроил таъсири остида АҚШнинг Туркия билан иттифоқчилиги барҳам топади. Европа Иттифоқи эса ўз мудофаа алянсини тузади ва унга Туркияни қўшмайди, боз устига бу алянсда Кипрнинг ҳам бўлиши – Туркия-ЕИ низосига ҳарбий тус беради. Исроил Туркиянинг рақиблари бўлмиш Греция ва Кипр билан иттифоқ тузган ва энди Ҳиндистон билан ҳам ҳарбий яқинликни кучайтиряпти.

Шу ҳафта Туркиянинг Анталя шаҳрида йирик халқаро форум бўлиб ўтди. Унда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Исроил, Греция ва Кипр ўртасида шаклланаётган иттифоқни “минтақадаги мусулмон давлатлари учун жиддий таҳдид” деб атади. Жумладан, Фидан ушбу иттифоқни Туркиянинг ўзи учун таҳдид эканини урғулади.

Исроил, минтақадаги баъзи араб давлатлари, Африка давлатлари ҳамда Ҳиндистон, Греция ва Кипр иштирокидаги минтақавий блок шаклланишига изоҳ бераркан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу: “Мақсадимиз – реал вазият, умумий таҳдидлар ва радикал оқимларга қарши курашиш бўйича муштарак бўлган давлатлар ўқини шакллантиришдир. Радикал шиа ўқи билан курашишдир. Шунингдек, энди шаклланаётган радикал сунний ўқига қарши ҳам бирлашишдир”, деган эди.

Нетаняҳу “энди шаклланаётган радикал сунний ўқи” деганда аввало Туркия ва унга яқин давлатларни назарда тутганди.

Исроил собиқ бош вазири Нафтали Беннет ҳам “Эрондан кейинги рақибимиз Туркия бўлади” деган мазмундаги баёнотлари жиддий шов-шувларга сабаб бўлганди. Исроилдаги ҳукуматга яқин ОАВлар, таҳлил марказлари ва сиёсатчилар Туркияни навбатдаги нишон сифатида кўришларини очиқ гапиришмоқда.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Исроилнинг Греция, Кипр, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан стратегик ҳамкорлиги жиддий ўсди. Греция ташқи сиёсати марказида Туркия туради, яъни Туркия билан тирашув. Жанубий Кипр ҳам Туркияни ўзи учун энг асосий душман сифатида кўради. Ҳиндистон билан Исроил ўртасидаги ҳарбий-стратегик ҳамкорлик фақат ўсиб бормоқда.

Бу фонда Туркия Покистон билан жиддий яқинлашди ҳамда Покистон–Саудия мудофаа пактига қўшилди. Бу билан Ҳиндистоннинг Туркияга ишончсизлиги фақат ошди.

Кейинги вақтларда Трамп НАТОдан жиддий норози. Айниқса, АҚШ–Эрон уруши фонида, у эриша олмаган мақсадларининг ўчини жумладан НАТОдан ҳам оляпти. “Менга энг керакли пайтда, НАТО ёрдамга келмади” дея, АҚШни НАТОдан чиқиб кетиш ғоясини тез-тез кўтармоқда.

Туркия – НАТО аъзоси. Лекин НАТО давлатлари ичида энг “бошқачароғи” ҳам айнан Туркия. Туркия – НАТО ичидаги ягона мусулмон давлати. Эрдўған ҳокимиятга келгач, Туркия геосиёсий масалаларда ҳар доим ўзининг “бошқача фикрига” эга бўлиб бошлади. Бу Вашингтоннинг, Брюсселнинг асабига тегади. 2014-16 йилларда Ғарб давлатлари “Туркия – НАТОга лойиқ эмас” деган сиёсий кампания олиб боришди. Бироқ, НАТО низомининг 13-моддасига кўра, бу ташкилотдан чиқиш фақат ўша аъзо давлатнинг истаги ва розилиги билангина бўлиши мумкин. Яъни Туркия агар ўзи истамаса, уни НАТОдан чиқариб бўлмайди.

Туркия НАТО ичида бўлиб, ўзини АҚШ тажовузидан ҳимоя қилади. Исроилнинг НАТОга киришига тўсиқ қўяди Исроилни Туркияга тажовуз қилишдан тийиб туради. Чунки Исроил Туркияга тажовуз қилса, гарчи буни истамаса ҳам, НАТОнинг қолган давлатлари ёки Туркия тарафида туриши керак, ёки бу алянс де-юре парчаланган бўлади. Буни НАТО истамай келди. Қолаверса, НАТО ичида бўлиш Туркияга Россия таҳдидларидан ҳам ҳимоя беради.

Ҳозирда юридик жиҳатдан НАТО давлатлари Туркияни ушбу ташкилотдан чиқара олмайди. Бироқ минтақада Туркия ва Исроил ўртасида зиддият кучайиб бораверади. Агар АҚШ НАТОдан чиқса, НАТО шу заҳоти парчаланади, йўқ бўлади.

АҚШ стратеглари НАТО доирасида Исроилни қандай ҳимоя қилиш йўлларини топа олишмаяпти. Туркия – Исроилга ишонмайди, Исроилни НАТОга аъзо бўлишига имкон бермайди. Демак, келажакда АҚШ НАТОдан чиқишни ва Исроил билан биргаликда янги хавфсизлик алянсини тузиш борасида ўйлаб кўриши мумкин. Агар НАТО парчаланса, Европа Иттифоқи ҳам ўзининг хавфсизлик ташкилотини тузиб олади, ва бунга Туркияни қўшмайди. Чунки кўп йиллардан бери Туркияни Европа Иттифоқига қўшмай келишади. Европа Иттифоқи ўзининг хавфсизлик алянсини тузадиган бўлса, бунга Кипр қўшилиши биланоқ Туркия босқинчи ва агрессор давлат сифатида баҳоланади. Бу томондан Исроил ва АҚШ ҳам Туркияни минтақадаги асосий таҳдид деб баҳолашга мойил бўлмоқда.

Мана шу фонда, Туркия сиёсатчилари ва стратеглари Туркия хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, янги иттифоқлар учун имконият изламоқда. Туркиядаги “Миллиятчилик ҳаракати” партияси лидери Давлет Бахчели – Эрдўғаннинг муҳим сиёсий иттифоқчиси. Улар парламентда биргаликда йирик коалиция тузишган. Кейинги ойларда Бахчели анча шов-шувларга сабаб бўлган янги ғоя билан чиқмоқда. Унинг фикрига кўра, Туркия минтақадаги барқарорликни сақлаш ва катта урушларнинг олдини олиш мақсадида Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси билан биргаликда хавфсизлик алянси тузиши керак.

Бу билан, Туркия сиёсий элитаси Ғарбнинг, Россия ва Хитойнинг ҳам реакциясини ўрганиб кўриш мақсадида, ушбу ғояни ўртага ташлади.

Исроилнинг амбициялари ва минтақавий гегемон бўлиш сиёсати – Яқин Шарқдаги вазиятни тўлиқ издан чиқарди. Туркия ҳам ушбу шароитда янги ҳамкорлик моделларини изламоқда. Янги вазиятга кўра, АҚШ ва Исроил – Туркиянинг ўтмишдаги каби асосий ҳамкорлари ва иттифоқчилари эмас, аксинча, асосий ошкора ва яширинча рақибларига айланди.

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид