Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Франция ядровий “соябони”ни НАТО шарқий қанотига кенгайтириши мумкин
Франция Варшава билан НАТОнинг шарқий қаноти — Болтиқ денгизи ва Польшанинг шимолий ҳудудлари устида Rafale кўп мақсадли қирувчилари иштирокида қўшма машқлар ўтказишни режалаштирмоқда, деб ёзади WP Wiadomości. Rafale самолётлари ядровий каллакларни олиб юра олади.
Франция НАТОнинг шарқий қаноти — Болтиқ денгизи ва Польшанинг шимолий минтақалари устида Польша билан биргаликда ҳарбий-ҳаво кучлари машқларини ўтказишни режалаштирмоқда. Машқларда ядровий каллаклар ва ASMP тактик қанотли ракеталари билан жиҳозланган Rafale кўп мақсадли қирувчилари иштирок этиши кўзда тутилган.
Машқлар давомида, жумладан, Россия ва Беларусь ҳудудидаги нишонларга зарбалар бериш имитацияси ишлаб чиқилиши керак. Бу ҳақда 23 апрель, пайшанба куни WP Wiadomości нашри хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, гап “Франция ядровий соябонини Кремлнинг тажовузкор сиёсати таҳдиди остидаги мамлакатларга кенгайтириш элементи” ҳақида бормоқда.
Франция президенти Эммануэль Макрон 2 март куни Брест ғарбий порт шаҳри яқинидаги Лонг оролида жойлашган атом сувости кемалари ҳарбий базасидаги чиқишида Франция ядровий арсеналини оширишини ва каллаклар сони ҳақидаги маълумотларни эълон қилишни тўхтатишини билдирган эди.
WP Wiadomości таъкидлашича, Франция президентининг 20 апрелда якунланган Польшага ташрифи ва бош вазир Дональд Туск билан учрашувларидан сўнг икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик амалий жиҳатдан янги босқичга чиқиши керак.
Польша учувчилари узоқ масофали разведка ва нишонларни аниқлаш, шунингдек оддий қуроллар билан зарба бериш билан шуғулланади. Бу, аввало, F-16 Fighting Falcon қирувчиларидан учириладиган AGM-158 JASSM-ER қанотли ракеталарига тааллуқли.
Журналистлар таъкидлашича, ушбу ракеталар шартли равишда Санкт-Петербург ҳудудидаги “юқори қийматга эга нишонлар”га йўналтирилиши тахмин қилинмоқда.
Польша ҳарбий-ҳаво кучлари аниқлаган нишонларга зарбаларни ASMP ядровий каллакли ракеталари билан жиҳозланган Франциянинг Rafale B қирувчилари амалга оширади.
Нашрга кўра, Rafale B самолётлари Будапешт — Калининград йўналиши бўйича парвоз қилиб, Россия ва Беларусь ҳудудидаги нишонларга зарба беришни машқ қилиши мумкин.
Ядровий қуролдан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик бўйича қарорни ҳар доим фақат Франция президенти қабул қилади. Варшава расмийлари бунга таъсир кўрсата олмайди, деб ёзади нашр.
WP Wiadomości маълумотига кўра, ушбу йўналишдаги Польша—Франция ҳамкорлиги НАТОнинг бюрократик тизимидан ташқарига чиқарилган.
Қўшма тартиб-таомилларни ишлаб чиқиш ҳимоя бўйича қарорларни анча тезроқ қабул қилиш имконини беради.
Польша—Франция машқлари сценарийлари Россия ҳужуми эҳтимолига қарши қўшимча режа ҳисобланади. Улар Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддаси қўлланган тақдирда узоқ муҳокамалар натижасида фаоллаштирилиши шарт бўлмайди. Шу тариқа, анча тезкор ҳаракат қилиш мумкин бўлади, дея қайд этади нашр.
WP Wiadomości нашри таъкидлашича, ядровий каллакли ракеталар билан жиҳозланган самолётлар иштирокидаги қўшма машқлар минтақада кучлар мувозанатининг кескин ўзгаришини англатади.
Ҳозиргача айнан Россия “Запад” машқлари доирасида Польшага ядровий зарбалар бериш сценарийларини киритиб келган. НАТО эса бундай машқ вариантларини ўтказмаган.
Аввалроқ Франция президенти ядровий доктринада эълон қилинган ўзгаришлар АҚШ ва Буюк Британия вакиллари билан муҳокама қилинганини билдирган эди. Бу давлатлар ҳам ядровий арсеналга эга.
2 март кунги чиқишида Эммануэль Макрон ядровий қурол билан жиҳозланган француз самолётларини иттифоқчи мамлакатларда вақтинча жойлаштиришга рухсат беришини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, бу борада Буюк Британия, Германия, Польша, Нидерландия, Бельгия, Греция, Швеция ва Дания билан музокаралар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Франция ядровий қуролидан фойдаланиши ҳақидаги қарорни фақат Франция раҳбари қабул қилади, дея таъкидлаган Макрон.
Мавзуга оид
10:15 / 08.06.2026
Ўзбекистон НАТО шерик давлатлари кунида иштирок этди
08:50 / 08.06.2026
SIPRI: дунёда ядровий қуроллар сони яна ўсиши мумкин
22:20 / 06.06.2026
НАТО Украинага 70 млрд евролик ҳарбий ёрдам ажратиш масаласини муҳокама қилмоқда – ОАВ
21:10 / 31.05.2026