Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта давомида қуруқ ва иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда
Ҳафта давомида Ўзбекистоннинг катта қисмида қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кундузги ҳаво ҳарорати +26…+29, жанубида ва чўл ҳудудларда +30…+33 даражагача бўлади. 1 майда республиканинг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Фото: Kun.uz
Душанба ва сешанба кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Фақат Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида айрим жойларда ва Фарғона водийсида эртага куннинг иккинчи ярмида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади.
Кундузги ҳаво ҳарорати +26…+29 даража атрофида, жанубида ва чўл ҳудудларда +30…+33 даражагача бўлади.
29–30 апрел кунлари республиканинг аксарият вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида 30 апрел куни баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Ҳаво ҳарорати кундузи +28…+33 даража, жанубда ва чўл ҳудудларда +35 даражагача бўлади.
1 майда республиканинг айрим жойларида қисқа муддатли махаллий ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.
30 апрелда шимоли-ғарбий ҳудудларда, 1 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳафта давомида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати душанба кундузи +26…+28 даража, 28 апрелда +27…+29 даража, 29−30 апрел ва 1 майда +29…+32 даража бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +14…+17 даража бўлади. Шамол шарқдан бироздан ўртача тезликкача эсади.