Жаҳон | 23:04 / 27.04.2026
1042
2 дақиқада ўқилади

«Ҳокимият - бу оғир меҳнат» – Путин Солженициннинг сўзларини эслатди

Россия президенти Владимир Путин Қонунчилик кенгаши йиғилишида парламент аъзолари олдида сўзлаган нутқида ёзувчи Александр Солженициннинг ҳокимият ҳақидаги сўзларини эслади.

Фото: kremlin.ru

Кремль раҳбари бу йил тўққизинчи чақириқ Давлат Думасига сайлов ўтказилишини эслатиб, бўлажак номзодларга «ҳам федерал, ҳам бошқа даражадаги сайловда» омад тилади.

«Шу муносабат билан Александр Исаевич Солженициннинг 1994 йилда Давлат думасида айтган сўзларини эслатиб ўтмоқчиман. Александр Исаевич шундай деди: «Ҳокимият — бу партиялар рақобатидаги ўлжа эмас, бу мукофот эмас, бу шахсий шуҳратпарастлик учун озуқа эмас. Ҳокимият - бу оғир юк, бу масъулият, мажбурият ва меҳнат, меҳнат. Менимча, жуда ўз вақтида, жуда аниқ айтилган», деди Путин.

Путин ўз нутқи давомида парламент аъзоларига улар нафақат қонун чиқарувчи, балки вакиллик ҳокимияти эканини ва қонунларни қабул қилар экан, уларнинг ижросини назорат қилиши, бунинг учун эса одамлар билан доимий алоқада бўлишлари кераклигини эслатди.

«Уларнинг фикрини эшитиш ва ҳурмат қилиш, қонунлар ҳаётдан узилиб қолмаслиги учун реал, ҳатто баъзан оддий туюлган вазиятлардан узоқлашиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш ва одамлар манфаати йўлида тезроқ қарор қабул қилиш керак», деб қўшимча қилди президент.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда парламентдаги барча партиялар, барча ҳудудлар асосий масалалар бўйича «ҳамжиҳатлик билан, ягона позицияда чиқмоқда».

Александр Исаевич Солженицин (1918-2008) — рус ёзувчиси, драматург, публицист, жамоат ва сиёсат арбоби, адабиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати (1970). 1945 йилда ёзишмаларда Сталинни танқид қилгани учун ҳибсга олинган. 8 йил лагерга ва умрбод сургунга ҳукм қилинган. 1956 йилда оқланган. У XX асрнинг энг нуфузли диссидентларидан бири бўлиб, асарлари тоталитаризмни фош этишда ва рус маънавий анъаналарига бўлган қизиқишни қайта тиклашда катта рол ўйнаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид