Ўзбекистон | 17:13
1848
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўловчиларга қўпол муомала қилган автобус ҳайдовчиси ишдан олинди

Тошкентда йўловчилар билан қўпол муомалада бўлган 11-сонли автобус ҳайдовчиси ишдан бўшатилди. «Тошшаҳартрансхизмат»га кўра, синов муддатида ишлаётган ходим техник носозлик вақтида йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига бақириб жавоб қайтариб, жамоат транспорти маданиятини бузган.

Фото: «Тошшаҳартрансхизмат»

Тошкент шаҳрида йўловчилар билан қўпол муомалада бўлган 11-сонли автобус ҳайдовчиси ишдан бўшатилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода автобус носозлик туфайли секин ҳаракатланаётгани, йўловчилардан бири тушиб қолиш учун ҳайдовчидан эшикни очишни сўрагани, унга бошқалар ҳам қўшилганини кўриш мумкин. Ҳайдовчи эса уларга бақириб гапирган ва уларнинг ўзини кейинги автобусни кутиб турмагани учун айблаган.

Йўловчи бу йўналишдаги автобуслар интервали жуда катталиги ҳақида гапирганида, ҳайдовчи «яхши бўлибди, арз қилинг, сизга ўхшаган ақллилар кўплигидан еттита қолдик», дея жавоб қайтарган.

«Тошшаҳартрансхизмат» маълум қилишича, 28 апрел куни содир бўлган мазкур ҳолат 18-автобус саройи раҳбарияти ҳамда масъул ходимлар иштирокида танқидий муҳокама қилинган.

«Сиз билан меҳнат шартномаси тузилганда хабарингиз бўлган. Бу пойтахт жамоат транспорти, унинг ўзининг маданияти, юриш-туриш қоидалари бор. Ҳозир ҳаммамиз кўрдик, ҳаракат давомида йўловчиларга нисбатан жуда ҳам қўпол муомалада бўлгансиз. Йўловчиларга қулайлик яратиш ўрнига, уларга ноқулайлик яратиб, ҳақли эътирозларига сабабчи бўлгансиз», – дейди «Тошшаҳартрансхизмат» бошқарув раиси ўринбосари Комилжон Қодиров.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи С.Ш. 2 феврал куни фаолиятини бошлаган ва уч ойлик синов муддатида ишлаётган бўлган.

«Бу ерда ҳайдовчи бақир-чақир қиладиган ҳолат йўқ эди. Яхши гап билан тушунтирса, ҳаммаси жойига тушадиган ҳолат эди. Бу автобус бузуқлиги – у техника, бузилиши мумкин. Ўшани фуқароларга ҳам тушунтирса, яхши гап билан бўладиган нарса эди. Бўлдими, тўхтагин-да, ўртоқ фуқаролар, мана шунақа бўлиб қолди, рухсат берсанглар, секин юриб, кейинги бекатгача олиб бориб, шу ерда тушираман-да, кейин сизлар бошқа транспортда ҳаракатланасизлар. Ноқулайлик яратганим учун узр сўрайман, деб яхши гапирса бўлади-ю. Фуқароларга нисбатан қўпол муомалада бўлган ҳайдовчиларга кескин чора кўрилади», – деган йиғилишда қатнашган масъуллардан бири.

Йўловчи ташиш қоидаларини бузгани ва йўловчиларга қўпол муомалада бўлгани учун С.Ш. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

«Ҳайдовчиларга ҳам тушунтиринглар, бу техника. Йўналиш давомида, ҳаракат давомида автобус техник носозликка учраганда нима хатти-ҳаракат қилиши керак, йўловчилар билан қанақа муомалада бўлиши керак. Ҳайдовчи мажбур бўлган хатти-ҳаракатлари бор, ўшаларни йўриқнома сифатида ўтказиб қўйиш керак», – дея қўшимча қилган Комилжон Қодиров.

«Тошшаҳартрансхизмат» юқоридаги ҳолат қайта такрорланмаслиги учун барча ҳайдовчиларга йўловчиларга маданиятли ва хавфсиз хизмат кўрсатиш ҳамда тартиб-интизомга қатъий амал қилиш бўйича махсус йўриқнома ўтказилиши таъминланишини таъкидлаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид