Жаҳон | 20:28
1459
3 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк миллиардерлари янги солиқ туфайли мэр Мамданига қарши чиқди

Мамдани қиймати 5 миллион доллардан юқори бўлган иккинчи уй-жойга янги солиқ жорий этишни таклиф қилди, бу бадавлат аҳолига ёқмади.

Фото: Luiz C. Ribeiro / NY Post

Нью-Йоркнинг энг бой аҳолиси мэр Зуҳрон Мамданига қарши чиқди, деб хабар берди Bloomberg.

Апрель ойида Нью-Йорк штати губернатори Кэти Хокул ва Мамдани қиймати 5 миллион доллардан юқори бўлган иккинчи уй-жойга янги солиқ жорий этишни таклиф қилган эди. Ташаббус ўта бой элита кўчмас мулк эгаларига қаратилган. Чора-тадбирнинг мақсади шаҳар бюджетини тўлдириш ва тенгсизликка қарши курашишдир. Бу ғоя штатнинг энг бой одамлари ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг танқидига учради. У таклиф этилаётган солиқ чораларини нотўғри деб атади.

Шаҳар мэри Зуҳрон Мамдани Нью-Йоркда уй-жой ижараси учун биринчи солиқни эълон қилган пресс-релизда Мидтаундаги 238 миллион долларлик пентхаусни Citadel LLC асосчиси Кен Гриффин сотиб олгани айтилади. Ушбу пресс-релиз Уолл-стритдаги компаниялар раҳбарлари ва шаҳарнинг энг бой аҳолисини унга қарши бирлаштирди. Ҳатто демократларга хайрихоҳ миллиардерлар ҳам унинг сиёсатига шубҳа билан қарамоқда. Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, уларни солиқнинг ўзи эмас, балки Мамдани томонидан улардан бирига шахсан ҳужум ғазаблантирган.

Гриффиннинг Citadel компанияси, ўз навбатида, Парк-авенюдаги осмонўпар бинони реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли лойиҳадан воз кечиш имконияти масаласини кўтарди. Компания томонидан таклиф этилаётган 62 қаватли бино Нью-Йоркка 4,5 миллиард доллар олиб келиши, қурилиш соҳасида 6200 та иш ўрни ва 15 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратиши кутилмоқда.

Майамида яшовчи 57 ёшли Гриффин Слоун-Кеттеринг мемориал саратон маркази ва Америка табиий тарих музейи каби шаҳарнинг турли муассасаларига юз миллионлаб доллар хайрия қилган, деб ёзди Bloomberg.

Сўровларга кўра, Мамдани ҳали ҳам шаҳар аҳолиси орасида машҳур. Мэрлик фаолиятининг дастлабки 100 кунида респондентларнинг 48 фоизи унинг фаолиятини маъқуллаган бўлса, 30 фоизи маъқулламаган.

Bloomberg нашрининг таъкидлашича, ҳозиргача музокаралар олиб борилаётган янги солиқ миллиард долларлик тақчилликка дуч келаётган шаҳар бюджетини 500 миллион долларга тўлдиришга қаратилган. Мамдани, шунингдек, бепул автобуслар ва болаларни мактабгача таълим билан таъминлаш каби ижтимоий дастурларни кенгайтиришни молиялаштириш учун энг бой одамлар ва йирик корпорациялар учун солиқлар жорий этиш тарафдори.

Мамдани ўтган йил ноябрь ойида Нью-Йорк мэри бўлди. У бу лавозимдаги биринчи мусулмон ва келиб чиқиши жанубий осиёлик сиёсатчи ҳисобланади. Сиёсатчи ўзини демократик социалист сифатида кўрсатади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид