Ўзбекистон | 20:20 / 01.05.2026
2671
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Чехиядан 10 та электропоезд сотиб олади

Чехиянинг Škoda Group компанияси Ўзбекистонга 10 та замонавий электропоезд етказиб бериш бўйича битим имзолаганини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати (архив)

Компания хабарига кўра, битим Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев, Абдулла Арипов ва Чехия бош вазири Андрей Бабиш иштирокида имзоланган. Лойиҳа қиймати 120 миллион еврони ташкил этади.

Škoda Group бош директори Петр Новотни сўзларига кўра, лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати, «Ўзбекистон темир йўллари» ва компания ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик натижасидир. Компания Ўзбекистонга замонавий технологияларни олиб киради ва самарали транспорт учун замонавий ечимлар таклиф қилади.

Битим доирасида Ўзбекистонга Латвия ва Эстонияда синовдан ўтган платформалар асосида ишлаб чиқилган 1520 миллиметрли изга мос 10 та ҳудудий электропоезд етказиб берилади. Компания ушбу поездлар юқори ишончлилик, қулайлик ва энергия самарадорлигига эга бўлишини таъкидлаган.

Лойиҳа доирасида сервис, техник хизмат ва маҳаллийлаштириш учун қўшма корхона ташкил этилади. Шунингдек, Škoda Academy очилиб, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ҳамда келажакда поездларга мустақил хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид