Жаҳон | 09:26 / 05.05.2026
4709
2 дақиқада ўқилади

Вашингтондаги Оқ уй яқинида отишма содир бўлди, ярадор бор

Отишма АҚШ президенти Доналд Трамп кичик бизнес саммитида нутқ сўзлаётган пайтда содир бўлди.

Фото: REUTERS

4 май куни Вашингтондаги Оқ уй яқинида отишма содир бўлди, деб хабар берди АҚШ Махфий хизмати Х ижтимоий тармоғида.

Эътиборлиси, отишма АҚШ президенти Доналд Трамп кичик бизнес саммитида нутқ сўзлаётган пайтда юз берган.

«АҚШ Махфий хизмати ходимлари Вашингтондаги 15-кўча ва Индепенденс-авеню чорраҳасида полициячилар иштирокидаги отишма билан боғлиқ воқеа жойида. Бир киши ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўқотар қуролдан жароҳатланди, унинг аҳволи ҳозирча номаълум», дейилади хабарда.

Reuters маълумотларига кўра, Оқ уй қисқа муддатга карантинга ёпилган. Кейинроқ Махфий хизмат воқеа «қуролланган шахс ва Махфий хизмат полицияси ўртасидаги тўқнашув натижасида содир бўлганини» маълум қилди.

Колумбия округи полиция бошқармаси полиция воқеа жойида эканлигини маълум қилди.

«Воқеа жойи ўраб олинди. Бу ҳудуддан узоқроқ юринг, чунки йўллар бир неча соат давомида ёпилади», дейилади полиция баёнотида.

Нашрнинг таъкидлашича, ўтган ой охирида Оқ уй мухбирлари уюшмасининг кечки овқатида содир бўлган отишмадан сўнг, ҳуқуқ-тартибот идоралари АҚШ пойтахтида юқори тайёргарлик ҳолатида бўлган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид