Иқтисодиёт | 08:17
7131
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мол гўшти нархи жаҳон нархлари билан таққосланди

Мамлакат 101 та давлат ичида 66-ўринни эгаллади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон мол гўшти нисбатан арзон мамлакатлар рўйхатига кирди. Бу Numbeo портали маълумотларидан ойдинлашмоқда.

5 май куни янгиланган рейтингда 101 та давлат иштирок этган. Ўзбекистон мол гўштининг бир килограмми 10,86 доллар (≈130 минг сўм) нарх билан 66-ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда гўшт постсовет ҳудудининг бошқа мамлакатларига қараганда қимматроқ, масалан, Озарбойжон (10,53 доллар), Беларус (9,25 доллар), Қозоғистон (8,72 доллар).

Портал маълумотларига кўра, энг қиммат мол гўшти Швейцария (45,58 доллар), Норвегия (32,89 доллар) ва Люксембургда (27,65 доллар) сотилади. Умуман олганда, аксарият ривожланган мамлакатларда гўшт Ўзбекистонга қараганда 3-4 баравар қимматроқ. Рейтингнинг дастлабки 15 та қаторини мол гўшти 20 доллардан қиммат бўлган давлатлар эгаллаган. Булар Европа давлатларининг бир қисми (Германия, Швеция, Франция, Финляндия, Австрия, Италия, Белгия ва бошқалар), шунингдек, Исроил, Жанубий Корея ва Сингапурдир.

Рейтингга кўра, мол гўшти энг арзон давлатлар – Покистон (4,68 доллар), Нигерия (4,73 доллар) ва Кения (5,23 доллар).

Numbeo - бу фойдаланувчилар томонидан яратилган маълумотлар базаси бўлиб, у дунёнинг турли шаҳарлари ва мамлакатларида яшаш нархи ҳақидаги рақамларни тўплайди ва эълон қилади. Хизмат асосан фойдаланувчиларнинг ўз маълумотларидан, шунингдек, қисман расмий статистикадан фойдаланади. Шунинг учун рейтингдаги рақамлар вазият ҳақида умумий тасаввур беради, лекин ҳар доим ҳам аниқ бўлавермайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид