Ўзбекистон | 22:02 / 06.05.2026
2286
5 дақиқада ўқилади

“Яна озгина ёмғир ёғса, фавқулодда ҳолат вужудга келарди” – шаҳарсоз

Ўтган якшанба Тошкентда ёғган бир неча соатлик ёмғирга мавжуд инфратузилма дош беролмади. Чақмоқ оқибатида “свет” ўчди, дренаж тизимидаги муаммолар сабаб эса йўлларни сув босди. Баъзи мавзеларда кичик тошқинлар рўй берди. Яна озгина ёмғир ёғса, фавқулодда ҳолат юзага келиши мумкин эди, дейди шаҳарсоз.

Бу йили баҳор ёмғирларга бой ўтмоқда. Фаслнинг охирги ойида кетма-кет ёмғирли кунлар бўлиши аввалдан эълон қилинганди. Якшанба, 3 май кунги бироз кучли ёғган ёмғир эса ноодатий оқибатларни келтириб чиқарди. Ёмғир бир неча соат, кучли ёмғир эса бир неча дақиқа ёғди холос. Лекин Ўзбекистоннинг пойтахти – Тошкентдаги мавжуд инфратузилма бунга дош беролмай қолди.

Аввало, Тошкент метросининг “Чорсу” бекати деярли сув остида қолди. Айниқса, бекатнинг кириш қисми ярмигача сувга тўлди. Бундан ташқари, кўчалар, мавзеларда кичик тошқинлар рўй берган. Чилонзор туманидаги мавзеларда яшовчи аҳоли кўчага чиқиб бўлмайдиган вазият юзага келгани ҳақида гапириб, видеолар тарқатди.

Вазиятнинг энг муҳим томони шундаки, ёғган ёмғир ўта кучли эмасди ва бундай даражада ёғиши аввалдан эълон қилинган эди. Бироқ дренаж тизими ва атмосфера сувларини чиқариб ташловчи инфратузилма битта ёмғирга “чидолмади”.

Kun.uz билан суҳбатлашган шаҳарсоз, Тошкент Архитектура-қурилиш институтининг шаҳар инфратузилмаси кафедраси мудири Асадулла Ҳотамовга кўра, ўша куни яна бироз ёмғир ёғса, мавжуд инфратузилма билан фавқулодда ҳолат рўй бериши мумкин эди. Унинг қўшимча қилишича, сув тўпланиб кетишининг қатор сабаблари бор ва бу йиллар давомида йиғилиб келаётган муаммо.

Бундан 30 йил аввал илк Тошкентга келганимизда жарликлар бўлар эди, ҳозир қуритиб, тўлдириб ташлашди. Йиғилган сувлар ўшанда жарликлар томон ҳаракатланарди. Бундан ташқари, ариқлар бир-биридан узилган, борининг ичи эса ахлатга тўлиб кетгани сабаб шундай тошқин юз берган бўлиши мумкин”, дейди шаҳарсоз.

Бундан ташқари, шаҳарларнинг қурилишида вертикал лойиҳалаштириш жуда муҳим. Яъни атмосфера сувларини чиқариб ташлаш вазифасини бажарувчи қувурлар ва вертикал қочириш тармоғида бугун реал муммолар кузатилмоқда.

“Дренаж бу ерости сувларини маромида ушлаб турувчи тизим, дренаж билан боғлиқ муаммоларимиз асосий сабаб деб билмайман. Бу ерда гап сув қочириш тармоқларида. Чунки сув оқизиш коэффициенти бор, оддий ер, бетон ва асфалт сувни турлича қабул қилади. Шундан келиб чиқиб, вертикал лойиҳалаштириш муҳим”, дейди Асадулла Ҳотамов.

Охирги йиллар Тошкент аҳолиси сезиларли кўпайди. Бугунги замонавий Тошкент қурилаётганда лойиҳаланган инфратузилма зўриқиб, ортиқча юклама билан ишлаётгани аниқ. Хўш, тошқинларга одамлар кўпайгани, зичликнинг ошгани ҳам сабаб бўладими? Шаҳарсозга кўра, йўқ, бунинг таъсири йўқ.

“Ҳа, шаҳарда одам кўпайди, лекин ер майдони ўша-ўша-ку, кичрайиб қолгани йўқ. Ҳар бир янги массив, мавзе, турар жой бинолари қурилишида вертикал лойиҳалаштириш тамойилларига амал қилиб, уни адекват бажариш керак. Лекин қурувчиларга бу қизиқ эмас, мижозларга эса объектларнинг тезроқ битгани маъқул”, дейди шаҳарсоз.

Ҳар бир қурилаётган уй, бино олдидаги тротуар, йўлаклар эса нишаблик стандартларида бўлиши – архитектуранинг оддий элементар талаби. Лекин қурувчиларнинг аксарияти бунга амал қилмайди, лойиҳада бу кўрсатилган бўлади, бироқ масала уни ростданам амалиётда шундай қуришда, дея қўшимча қилди мутахассис.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги сув тошқинларининг олдини олиш учун бюджетдан 2 млн доллардан ошиқ маблағ ажратган. Бироқ якшанба кунги ёмғир бу борада нималар қилинганди ўзи, деган саволларни кўпайтирди. Шаҳар ҳокимлиги “Чорсу” бекатида сув тўпланганига эътибор қаратиб, асосий муаммо сифатида ирригация тармоқларининг ёпилиб қолганини кўрсатди.

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид