Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХОҚ Беларус спортчилари учун барча чекловларни бекор қилди
Улар халқаро турнирларга, жумладан, Олимпиадага қайтиши мумкин.
Фото: Getty Images
Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) 7 май куни беларуслик спортчиларга қўйилган барча чекловларни олиб ташлади ва уларга халқаро мусобақаларга, жумладан, 2028 йилги Лос-Анжелес Олимпиадаси саралаш турнирларига қайтиш имконини берди.
«ХОҚ Ижро қўмитаси энди беларуслик спортчиларнинг, шу жумладан жамоаларнинг халқаро федерациялар ва халқаро спорт тадбирлари ташкилотчилари ҳомийлигидаги мусобақаларда иштирок этишига ҳеч қандай чекловларни тавсия этмайди», дейилади хабарда.
2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг, ХОҚ россиялик ва беларуслик спортчилар ва амалдорларни халқаро турнирлардан четлатишни тавсия қилган эди. Янги қарор Россияга тааллуқли эмас: унга қарши санкциялар ўз кучида қолмоқда.
2022 йилдан кейин Беларусга нисбатан даъволар шундан иборат эдики, мамлакат раҳбарияти урушда Кремлни қўллаб-қувватлаган ва унинг ҳудудидан Украинага бостириб кириш учун плацдарм сифатида фойдаланилган. Энди Беларус спортчилари яна ўз байроғи ва мадҳияси остида, шу жумладан жамоавий спорт турларида иштирок этишлари мумкин бўлади. Беларус Миллий Олимпия қўмитаси бу қарорни олқишлади.
Россиянинг иштирок этишига қўйилган тақиқ нима бўлади?
2024 йилги ёзги ва 2026 йилги қишки Олимпиада ўйинларида фақат оз сонли россиялик ва беларуслик спортчиларга иштирок этишга рухсат берилди - фақат индивидуал йўналишларда ва нейтрал мақомда, миллий рамзларсиз.
ХОҚ хабарига кўра, чекловларнинг бекор қилиниши россиялик спортчиларга тааллуқли эмас. Шу билан бирга, сўнгги ойларда Россияга нисбатан худди шундай қарор кейинроқ қабул қилиниши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар кучайди.
«Россия Олимпия қўмитаси билан вазият Беларус Миллий Олимпия қўмитасидан фарқ қилади. Беларус МОҚ яхши мақомда ва Олимпия хартиясига риоя қилмоқда», дейилади ХОҚ баёнотида.
Шу билан бирга, 14 апрелдан бошлаб, россиялик ва беларуслик спортчиларга сув спорти бўйича бош халқаро ташкилот - World Aquatics бошчилигидаги мусобақаларда ўз либосида, миллий байроқлар ва мадҳиялар остида иштирок этишга рухсат берилди.
Мавзуга оид
09:06 / 02.04.2026
Лукашенко Беларус урушга тайёрланаётганини айтди
22:55 / 26.03.2026
Трансгендер спортчиларга Олимпиада аёллар мусобақаларида иштирок этиш тақиқланди
12:23 / 24.03.2026
Литва Беларусдан дрон учиб келганини маълум қилди
12:31 / 20.03.2026