Ўзбекистон | 15:51
3066
5 дақиқада ўқилади

800 га яқин давлат хизматида бюрократия нолга туширилиши айтилди

Ўзбекистонда 783 та давлат хизматига “нол бюрократия” тамойили жорий этилиши мумкин. Президент ҳузуридаги тақдимотда айтилишича, бу орқали 550 турдаги давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, хизмат кўрсатиш босқичлари 2 карра қисқаради. 80 турдаги хизмат проактив ва композит шаклга ўтказилади. Яна 80 турдаги хизматни кўрсатиш муддати 2-3 карра қисқартирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида бюрократияни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда давлат органларида 5 650 та функция, бизнесни тартибга солувчи 42 мингдан зиёд мажбурий талаб ва 1 041 та давлат хизмати мавжуд.

“Бундай кўп функция ва талаблар тизимни самарасиз, қиммат ва баъзан адолатсиз қилиб қўйиши мумкин. Шу боис, фақат дерегуляция, рақамлаштириш ва соддалаштириш – энг тўғри йўл”, – деди давлат раҳбари.

Ўзбекистонни 2030 йилга қадар “ортиқча бюрократиядан холи ҳудуд”га айлантириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури бошланган. Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилган.

Дастур доирасида давлат органлари функцияларини 30 фоизга қисқартириш, бизнесга қўйиладиган талабларни 20 фоизгача мақбуллаштириш, электрон давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Тақдимотда давлат хизматларини “сервис давлат” модели асосида тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор давлат хизматини бирорта ортиқча ҳужжат талаб қилмасдан, тез, шаффоф ва қулай кўрсатишга қаратилади.

Хусусан, 783 та давлат хизматига “нол бюрократия” тамойилини жорий этиш таклиф қилинди. Бу орқали 550 турдаги давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, хизмат кўрсатиш босқичлари 2 карра қисқаради. 80 турдаги хизмат проактив ва композит шаклга ўтказилади. Натижада аҳолининг турли идораларга келиш учун сарфланадиган йилига 35 миллиард сўмгача транспорт харажати тежалади.

Яна 80 турдаги хизматни кўрсатиш муддати 2-3 карра қисқартирилиб, ўртача муддат 13 кундан 6 кунга туширилади. 10 та хизмат тўлиқ автоматлаштирилади. 25 та хизмат бўйича тўловларнинг камайтирилиши натижасида аҳоли ихтиёрида йилига 851 миллиард сўмгача маблағ қолади.

Шунингдек, 10 та хизматни хусусий секторга ўтказиш, 15 та маълумот ва ҳужжатни рақамлаштириш белгиланмоқда. Бу орқали 270 дан ортиқ хизматда ушбу маълумот ва ҳужжатларни қайта сўраш амалиёти бекор қилинади.

Мажбурий талабларни қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, бозорлар фаолиятига доир 20 га яқин ҳужжатда 500 дан зиёд талаб тарқоқ ҳолда юритилмоқда. Уларни тизимлаштириш орқали талабларнинг 30 фоиздан ортиғини мақбуллаштириш мумкинлиги қайд этилди.

Санитария талабларига мувофиқлик далолатномаси ва кўрикдан ўтадиган ходимлар рўйхатини электрон тизим орқали шакллантириш имконияти ҳам кўрсатиб ўтилди. Бу орқали йилига 1 миллиард сўм бюджет маблағини тежаш, ходимларнинг 24 минг иш соатини амалий фаолиятга йўналтириш мумкин бўлади.

Ҳисоб-китобларга кўра, маъмурий юкни қисқартириш иқтисодиётга йилига 1,5 миллиард доллар тўғридан тўғри самара беради. Тартибга солиш сифатини яхшилаш қўшимча 800 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этишга хизмат қилади. Давлат ва бизнес ўртасидаги жараёнларни соддалаштириш ҳисобига меҳнат унумдорлиги йилига 750 миллион долларга ошади. Умумий ҳисобда бюрократияни қисқартириш чоралари 2026-2030 йилларда иқтисодиётни қўшимча 13 миллиард долларга ўстириш имконини беради.

Тақдимотда reestr.gov.uz ягона платформаси орқали давлат функциялари, мажбурий талаблар ва давлат хизматлари реестрларини юритиш, идоралар фаолиятини “Bureaucracy radar” асосида баҳолаш, сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш ва “Бизнес калькулятор” орқали тадбиркорлар харажатини ҳисоблаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматлари инсон қадри, тадбиркорлар учун қулай муҳит ва давлат бошқаруви самарадорлиги билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. Ҳар бир вазирлик ва идора ўз функцияларини қайта кўриб чиқиши, ортиқча талаб ва ҳужжатларни бекор қилиши, хизматларни рақамлаштиришни жадаллаштириши зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга бюрократияни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш, унда ҳар бир вазирлик ва идора кесимида рақамлаштириш, давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда хусусий сектор улушини ошириш бўйича аниқ режаларни белгилаш топширилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид