Ўзбекистон | 08:59
4758
31 дақиқада ўқилади

Oрзудан воқеликкача – Усмон Азимнинг риёсиз сўзлари

Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради.

Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

Улар — ватанпарвар. Ҳар ҳолда Ўзбекистонда худди шундай. Ватаннинг гуллаб-яшнаши, ижобий ўзгаришлар ҳар бир фуқаронинг ҳаётини юксалтириш сари қўйилган қадам эканини теран ҳис қиладилар, кайфиятлари кўтарилади. Худога минг шукрки, бу ўзгаришлар ҳар соатда, ҳар куни рўй бериб турибди. Бутун мамлакат ҳаракатда. Энг муҳими, бу ислоҳотлар жайдари тусда эмас, балки жаҳоннинг энг илғор технологиялари асосида олиб борилмоқда. Шароитлар яратилгани туфайли инвестициялар бемалол кириб келяпти. Ривожланиш шиддати бутун мамлакатни қамраб олган.

Қалам аҳли бу ва кўплаб бошқа ютуқлардан бохабар. Муаммоларни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни ҳам мудом сезиб туради.

Яқинда бир гуруҳ ижодкорлар билан қўшни дўст мамлакатда сафарда бўлдик. Бир кеч ўз-ўзидан бадиҳа давра тузилиб, суҳбат гуриллаб кетди. Аввал мезбон мамлакатни Ўзбекистон билан таққос қила бошладик. Бараварига “Биз олдинга кетибмиз” деган хулосага келдик! Бугунги Ўзбекистон ҳақида гаплашдик. Мен етмиш олти йил умр кўрганимни, аммо халқимиз ҳеч қачон бундай яйраб яшамаганини айтиб қолдим. Даврадагилар бу гапимни ҳам бир оғиздан тасдиқлади. Ҳа, шундай! Ҳеч қачон бундай яшамаганмиз!

Юракларни фахр билан тўлдирган бу ­эътирофлар қачон кўнглимизни тўлдирди?

Ахир биз эътироф этган ютуқлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ-ку!

Унинг ортида кимнинг меҳнатию заҳмати, бетиним ҳаракати ётибди?

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида ёйилган бунёдкорликка ким ғайрат-шижоат бағишлаяпти?

Саволларга жавоб битта: бу оламшумул зафарларнинг ортида бир кишининг, ҳа, бир кишининг — Ўзбекистон Президенти ­Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фидокорлиги турибди.

Оз эмас, кўп эмас, Янги Ўзбекистонни қурмоқчи бўлган шу азамат инсоннинг мисли кўрилмаган фидокорлиги!

Мен бу инсон ҳақида кўп ўйладим. Охири, бу одам ҳақида ёзмасам, адолатдан бўлмас экан деган қарорга келдим.

Йўқ, хушомад қилиш ниятим йўқ. Нимага хушомад қиламан? Ёшим бир жойга борган бўлса, мукофоту унвонларни ҳам ҳеч кимга ликилламай олган бўлсам...

1

Бу ислоҳотлар бошланганда мамлакат қай аҳволда эди?

Одамлар қандай яшаётган эди?

Ўзимнинг бошимдан ўтказганларимни бир эслай.

Мен кўп қаватли уйда яшайман. Уйимиз неча-неча қишлар бўйи исимасди. Бир фарзандим кейинчалик “Шу уйда бир умр совуқ қотиб улғайдик”, деб эслади.

Нафақага чиқдим. “Ишласанг, нафақангнинг ярми тўланади”, дейишди. Нима дейман? Хўп-да... Кўпга келган тўй.

Маош ҳемири. Ярим пенсияга қўшиб, ойдан ойга аранг етказамиз.

Тўлов пластик картаси билан боғлиқ машмашаларни-ку, айтмай. Дўконга борасан. Керакли молнинг нархини сўрайсан. “Нақд олсангиз, саксон сўм, пластик карта билан тўласангиз, юз...”.

Деновда — бозорнинг нақ ўртасида “пластик картадаги пулни нақдга алмаштириш пункти” очилди. Ўша безбет шаклда — юз сўм ечиб олишса, саксон сўм қўлингга беришади. Энг даҳшати, бу “пункт”ни бундай ҳоллар юз бермаслигини назорат этувчи ташкилотларнинг одамлари юритди. Додингни кимга айтишни билмайсан...

Бу лўттибозликлар бутун халқ кўз ўнгида рўй берди. Ҳеч ким миқ этолмади. Қўрқув. Бу қўрқувдан яралган тақдирсизлик — эртани ўйлашдан чўчиш — мудом елкадан тошдай босиб турди.

Қарз кўтардим. Долларда қарз берганларга долларда қайтариб бериш керак. Банк кассаларининг ёнига ҳам боролмайсан. Банклар долларни сотувга чиқариб, ўзи сотиб олиб ётибди. Одамларини қўйиб қўйган — аллақандай шанғи хотинлар...

Бозорга борасан. Ҳар қадамда “долларчи”лар шайкаси... Долларнинг нархи расмий курсдан икки баробар баланд. Кўр бўлиб ­оласан.

Сурхондарёда ғалла етиштирган бир тадбиркор менга учрашиб, ғалласини топширганини, аммо ҳақини еб кетишганини айтди. Мен бир-икки амалдорга айтган бўлдим. Бирор натижа чиқмади. Тадбиркор шу хўрликнинг жабридан ўлиб кетди...

У-бу жойлардаги ўзгаришлар одамларнинг дастурхонига етиб келмади. Мамлакатни фирибгарлар босди.

Бу ишга қарши курашиши зарур бўлган ташкилотлар давлат ичида давлат туздилар. Одамлар устидан зўравонлик жорий этилди.

Масалан, Сурхондарёда хавфсизлик хизмати аллақандай фашистик (бошқа сўз уларнинг қилмишини ифодалаб беролмайди) тизим ўрнатди. Одамларни пашша ўрнида кўрмадилар. Хўрладилар, мулкларини тортиб олдилар, мисли кўрилмаган қийноқларга солдилар, ўлдириб ҳам юбордилар. Қийноқларнинг Сталин замонида кечган усулларини қўлладилар. Уларни янада янги “поғона”ларга кўтардилар.

— Тирноқларимни суғуриб олдилар, — деб зориллаб эслайди уларнинг қўлига тушган бир бегуноҳ. — Ҳаммасини баравар суғурсалар ҳам майли эди, ҳар куни биттасини суғурадилар...

Ҳатто ҳокимларга ҳам тазйиқ ўтказилди. Бу юртда улар ҳам ишлашдан безиб қолди. Ноилож ишдан кетиш ҳақида ариза ёздилар.

Мустақилликдан одамларнинг кўнгли ­қолди.

Битта-ярим танишлар менга ҳам таъна қила бошлади: “Ана сиз орзу қилган ­истиқлол...”.

Рости, мен ҳам бебахт яшадим. Газета-журналларда ёзганларимни нашр этиш нари турсин, исм-фамилиямни ҳам ўчириб ташлайдиган бўлишди. Мен нима қилган эдим? Бир кўрсатувда “Бировлар ҳаром-хариш йўл билан пул тўплаяпти. Пайти келгач, пулини кўтариб, хорижга жўнаб кетади” деган рост гапни айтган эдим, холос. Бу кўрсатув туфайли телевидениедаги неча-неча ижодкорлар жазоланди, ишдан кетди...

Тан олайлик, мустақилликнинг илк даврида янги тизимли мамлакатни бунёд этиш, ночорликдан қутулиш учун бир қадар қаттиққўллик ҳам зарур эди. Аммо мамлакат ривожланиб боргани сари бу қаттиққўллик ўрнини адолат ўлчамларига мос йўриқлар аста-аста эгаллаб бориши кераклиги ҳам барчага аён эди. Бироқ бундай бўлмади. Чунки энг тепадаги одам ҳам найрангбозларнинг қўлида асирдай яшади. Жойларда рўй бераётган, ҳатто ўз оиласида рўй бераётган воқеалардан ҳам ғафлатда қолди. Барча адолатсизликлар сир тутилди.

Юқорида ёзганларимни ҳеч ким рад этолмайди. Уларни бор бўйича кўрсатиш учун эса неча жилдлаб китоблар ёзилса бўлади. Мен фақат бошимдан ўтказганларимнинг ва туғилган юртим Сурхондарёда рўй берган машъум воқеаларнинг бир қисминигина эслаяпман.

Авж олган муаммоларни бартараф этиш йўлларини ҳеч ким билмасди.

Бироқ Парвардигор билгувчидир! У ­мамлакатни ривожланиш сари йўналтириш учун нима қилиш кераклигини аниқ билди.

Мамлакат Президентлигига Шавкат ­Миромонович Мирзиёев сайланди ва… бирдан мўъжизаларга ўхшаш ҳодисалар рўй бера бошлади.

Айтиб ўтганим — кўргиликлар битта-битта ечимини топиб кетаверди. Тўлов пластик карталари рисоладагидай ишлай бошлади. Пенсиялар тўлиқ бериладиган бўлди. Банклар янгича ишлаш тизимига ўтди: хоҳласаларинг, мана сўм, истасаларинг доллар, марҳамат... Сурхондарёдаги одам қиёфасидаги ҳайвонлар ҳам жазосини олди. Аммо бу ечимларни топиш учун қанчалар сабот ва жасорат керак бўлгани фақат ва фақат Шавкат Миромоновичнинг бир ўзига аён. Ахир қаламга олганим ҳодисалардан ташқари, унинг зиммасида яна қанча-қанча ташвишлар бор эди.

Биргина Сурхон халқини зор қақшатган мустақилликнинг зараркунандалари шайкасини тугатиш нақадар қийин бўлганини тасаввур қиламан. Ахир улар осмондан тушмаган — бу гумроҳларни Тошкентдаги мартабаси баланд, бели бақувват, бировни назар-писанд қилмайдиган ҳомийлари қўллаб-қувватлаб турарди. Бу жиноятчилар тўдасининг кўлами жуда катта — бир-бири билан зич боғланиб кетган, халқнинг манфаати деган муқаддас тушунчани тушида ҳам кўрмаган, одамлар ҳаётини хасдан ҳам арзон билган бедаволардан иборат эди. Аввал мана шу ­тўданинг боши кесилди. Бу иш осон бўлмади. Бўшангроқ бир одам бўлганда улар билан муросаи мадора этиб кетаверарди. Аммо Шавкат Миромонович бундай қилишни ўзига эп билмади. Чунки ўртада Ватан, халқ тақдири бор эди. Бўлажак Ватанни бундай тўдаларга панжа орасидан қараб эмас, балки бу тоифа ноқислардан тозалаб, покиза ният ва эзгу ҳаракатлар билан яратиш лозимлигини Шавкат Миромонович мудом ҳис этиб турарди.

Ватанни ҳалол одамлар яратишини бу инсон жуда теран тушунади.

Қотиллик иллати юққан бу каслардан эл-юрт озод қилинди. Аввал “тепа”даги, кейин пастдаги қатлам илдизи билан суғуриб ташланди. Бу гаплар айтишга осон...

Мамлакатимиз тарихида ушбу воқеалар кимгадир жуда кичик эпизод бўлиб туюлар, аммо Ватанни халқнинг бошига чиқиб олган бундай жирканч тўдалардан озод этиш учун раҳбаримизга қанчалар матонат ва қатъият керак бўлганини бир тасаввур қилиб кўринг!

Эсимда: бу воқеалар ниҳоясига етказилгач, Президентимиз Сурхонга ташриф буюриб, “Сурхондарё халқи, энди озодсан!” деб элга мурожаат этган эди.

Ҳақиқатан, Сурхондарё эркин нафас олди.

Мен фақат яхши билганим — Сурхондарё ҳақида ёзяпман. Ўзбекистонда эса ўн тўртта маъмурий-ҳудудий бирлик бор. Президентимизнинг улардаги муаммоларни ҳал этишдаги мардонавор саъй-ҳаракатини қаламга олиш учун эса бу мақола кичиклик қилишини сезиб турибман.

2

Одамлар яхшиликка тез кўникади. Бир-икки “Яхши бўлди-е!” деб қувонади-ю, кейин худди ҳамиша шундай бўлгандай ўтиб ­кетаверади. Назаримда, шундай бўлгани ҳам дуруст! Одамлар одамга ўхшаб яшашни ўрган­япти! Муносиб яшаш мўъжиза эмас, шунчаки ҳар куни биз юзма-юз дуч келадиган воқелик эканига кўникиб боряпмиз-да!..

Аммо мен ривожланиш жараёни шу қадар жадал бораётганидан барибир қувонаман.

Авлиёлар, олимлар маскани бўлган Термиз эсимни билганимдан буён кўримсиз, чанг-тўзонга қоришган, соя-салқиндан йироқ — ёпиқ ҳарбий шаҳарча эди. Унга киришнинг ўзи ҳам бир машаққат — ҳарбийларнинг пости ўрнатилган, ҳар бир йўловчининг паспорти синчиклаб текширилар, агар Сурхондарё ҳисобида бўлмасангиз, ўтиб кўринг-чи!

Мустақилликдан кейин эса, хабарингиз бор, бундай текширувлар янада авж олди. Энди ҳар бир вилоят ўртасида сунъий тўсиқлар — постлар ўрнатилди. Бу ҳолат халқимизнинг мамлакатимиз бўйлаб эркин ҳаракатланишига халал берадиган ортиқча машмаша эди. Паспортни унутган бўлсангиз, бу постлардан ўтишнинг ягона йўли — имконини топиб, “посбон”ларга пора бериш эди... Бошқа иложингиз йўқ. Назаримда, бу постлар худди шундай вазият яратиш учун қўйилган тузоқ эди...

Сурхондарёда эса бу ҳолат йўловчини жиддий таҳликага соладиган даражада мураккаб эди. Вилоятга киришда — Дарбанд постида худди хорижга кетаётганингиз каби бор-йўғингиз тинтилар, юкларингиз эса лентага солиниб, лазерли ускуналар ёрдамида кўздан кечириларди. Бу ҳам етмагандек, жомадону сумкалар ҳам очдирилиб, текшириларди... Тинтув. Хуллас, пора бермасангиз, қутулиб бўпсиз. Термизга ва Сариосиёга кираверишда яна шу ҳолга дуч келинар эди.

Бу тўсиқларнинг ҳаммаси Шавкат ­Миромоновичнинг бир шашти билан йўқ бўлди.

Чангу ғуборга қоришган Термиз ҳам бирдан ўзгара бошлади.

Ҳозир бу шаҳар кўчаларининг икки четида манзарали дарахтлар соя ташлаб турибди. Кетгунича ям-яшил чимзор. Гуллар ажиб дид билан экилган. Яқинда меҳмонхонадан машинада чиқиб, мана шундай гўзал — бир қарич ҳам узилмаган манзарани оралаб, аэропортгача бордим. Хорижий курорт шаҳарчаларни эслатади. Янги қурилган шинам, кўркам иморатлар ҳам ярашиқли. Менга ўқитувчилардан бири “Одамларнинг уй-жойга эҳтиёжи тўлиқ таъминланган, бир хонадонда икки-уч оила тиқилиб яшашдан қутулган”, деб қолди. Амалдор эмас, ўқитувчи айтди!

Термиз эса ўсяпти. Баланд-баланд бинолар қад кўтаряпти. Ҳатто шаҳар эркин нафас ростлаб, тиқилмай кенгайиши учун қўшимча ерлар кераклиги кўзга ташланиб қолди. Шавкат Миромонович бу масалани ҳам ҳал қилиб берди — шаҳарга қўшимча жойлар ажратилди.

Ўқувчида “Сурхондарёда фақат Термиз гуллаб-яшнаётган экан” деган таассурот қолмаслиги учун айтиб қўяй, вилоятлардаги барча туманлар ўзгача қиёфа касб этган. Чамаси, беш-олти йил аввал бир гуруҳ санъаткорлар билан Сурхоннинг шимолий ҳудудлари сари кетаётган эдик. Йўлда бир зум чалғибман. Ўзимга келиб қарасам, бир нотаниш шаҳарнинг ёнидан ўтяпмиз. Кўп қаватли уйлар, орасида ораста йўлаклар, дарахтлар, болалар ўйнайдиган майдончалар лип-лип ўтади. Қаерга келиб қолдик? Сурхондарёнинг ҳар бир қарич ерини биламан. Наҳотки, туш кўраётган бўлсам? Бир оз юргач, англадим: бу — Денов. Ҳа, ўзим бошдан-адоқ кезиб-билиб юрганим Денов! Эй Худо! Бу шаҳар ичидаги шаҳар — мўъжиза қачон, қандай барпо бўлди? Шунча тезми? Англадим — бу мўъжиза Президентимизнинг шижоати туфайли бунёд бўлган! Сўнг тасаввур қилдим: мамлакатда қанча туман бор, қанча шаҳар бор, борингки, маҳаллалар бор.... Барчасида мана шундай бунёдкорлик кетаётган бўлса керак-да! Кетяпти!

Бутун мамлакатда бундай ёппа бунёдкорликни қайси қудрат ҳаракатга келтиряпти? Бу саволга жавоб аниқ: Шавкат Миромонович Мирзиёев!

3

Мен мажлисларда кам қатнашаман. Мақсад мажлис ўтказишдангина иборат бўлган йиғинлардан ўзимни тортаман.

Аммо яқин кунларда икки мажлисда қатнашиб, вақт қандай ўтганини сезмадим. Завқланиб ўтирдим. Ўзбекистонни севадиган бир ватанпарвар сифатида фахру қувончга тўлдим. Гап Ватанимизнинг бир бўлаги бўлган Сурхондарёнинг эртаси ҳақида кетди. Президентимиз вилоятда 2030 йилга қадар амалга ошириладиган режалар ҳақида сўзлади.

Мажлисда режалар ҳақида шунчаки гапирилмади, балки уни амалга ошириш учун пухта, кўламли ва аниқ тайёргарлик кўрилгани маълум бўлди. Масалан, мана бу тарзда: режа лойиҳаси тайёр, маблағ бор (банк бошлиғи тасдиқлайди ёхуд жаҳондаги қайси инвестор билан келишилгани айтилади), бу режани амалга оширадиган ташкилот ҳам шай турибди. Ишни қачон бошлаш санаси ҳам аввалдан аниқланган. Мутасаддилар яна бир бор мажлис аҳли олдида ахборот берди. Ҳар бир лойиҳада қанча иш жойи очилиши ҳам очиқлаб борилди. Юзлаб, минглаб...

Ҳар бир режа ҳақида сўз кетганда, шу тартиб амалга оширилди. Бирор-бир ишни бажариш орзу сифатида айтилмади. Аксинча, қатъий ишонч билан ахборот берилди.

Бу режаларнинг бир учи хорижга бориб қадалганда эса онлайн тарзда мажлисда қатнашаётган элчиларимиз чет эллик ҳамкорлар ҳозир турганини, Ўзбекистондан имо бўлгач, шу заҳотиёқ учиб боришини маълум қилди. Хорижлик ҳамкорлар ҳам ундай-бундай мамлакатлардан эмас — Хитойдан тортиб, Жанубий Африка Республикасигача!

Шавкат Миромонович ҳеч нарсани унутмади. Президентимиз бугун нима ишларни бажариш лозимлигини, эртага нимани амалга ошириш кераклигини ички — онгости туйғу билан ҳис қилишини шундоқ сезиб турдим.

Каттаю кичик муаммоларнинг ечимини топишда бир хил масъулият билан ёндашишига, баъзан бадиҳаларига ҳам гувоҳ бўлдим.

Мажлисдан аввал бойсунлик — кураш бўйича биринчи жаҳон чемпиони Тоштемир полвон Муҳаммадиев билан ёш курашчилар учун очилган интернат ҳақида суҳбатлашган эдик. Мажлис сўнгроғида Президентимиз ана шу полвонга мурожаат қилиб қолди:

— Сенинг интернатингнинг мактаби йўғ-а?

— Йўқ, — деди полвон.

— Болалар қаерга ўқишга боради?

— Шу атрофдаги қишлоқлардаги мактабларга.

Шавкат Миромонович кўзи билан залдан керакли одамни излаб топди:

— Пулинг бор-а?

— Ҳа, — деб ўрнидан қўзғалди “керакли одам”.

— Шу полвоннинг интернатига мактаб қуриб бероласанми?

“Керакли одам” жон деб рози бўлди.

— Биринчи сентябргача тайёр бўлсин! — деди Президентимиз.

Завқланганимдан секингина ­бўлса-да “Воя”, деб юбордим. Ахир Шавкат ­Миромоновичнинг елкасида қарийб ўттиз тўққиз миллион нуфусли халқнинг ташвиши турибди! Мамлакатда эҳ-ҳе қанча мактаб бор! Энди келиб-келиб, Президентимиз Тоштемир полвоннинг мактаб-интернати муаммосини эслаб ўтирса!..

Йиғинда менга ҳам сўз берилди ва мен бу мажлисни сурхондарёликлар учун байрам деб атадим. Чунки тушунишимча, Ватан деган муҳташам иморат ривожи учун қўйилган ҳар бир ғишт — байрам. Бугун эса қанчадан қанча ғиштлар қўйилди!

Бу мажлисда айтилган ва келгусида амалга ошириладиган ҳар бир режа юрт хазинаси қанчалар бойиши, одамлар хонадонига қанчалар файзу барака олиб кириши ҳақидаги рақамларни эслаб ўтирмайман. Чунки улар матбуотда етарлича ёритилди.

Аммо бир қутлуғ хабарни айтмасам бўлмайди.

Йигирма олтинчи апрелда Бойсунга борадиган бўлдим.

Термиздан келадиган йўл манзилга олти-етти километр қолганда юқоридаги мажлисда тилга олинган — бир неча йиллардан буён қурилиши давом этаётган Дарбанд — Денов трассасига қўшилади. Биз бўлажак трассага тушдик. Пишиқ қилиб ишланган бетон йўл. Ғизиллаб кетяпмиз. Фақат икки жойда гавараси кўтарилиб, қурилиши ниҳоясига етмаган кўприкларни айланиб ўтдик, холос. Ичимда “Бир-икки ойда битиб қолар”, деб ўйладим.

Тўрт кундан кейин “Бойсун баҳори” фестивалида қатнашиш учун шу йўлдан яна ўтишга тўғри келди. Бу сафар машинамиз тайёр бўлган кўприклар устидан ғизиллаб ўтиб кетди! Ҳа, тайёр бўлган кўприклар устидан! Орадан фақат тўрт кун ўтиб!.. Яна руҳимни қувонч сели босди! Қойил! Ва Термиздаги мажлисда айтилган барча режалар ўз муддатида бажарилишига ишончим комил бўлди.

Президентимиз йиғин сўнгида шу тахлит режалар билан барча вилоятга ва Қорақалпоғистонга борилишини таъкидлаб ўтди! Яна мамлакат келажагини барпо этиш йўлида оммавий жадал ҳаракат! Бир зум бўшашмайдиган, эл дастурхонига барака берадиган режалар. Бу режаларнинг асосчиси Шавкат Миромонович ҳам бир зум тиним билмайдиган, мудом халқ манфаати учун куйиб-ёнадиган инсон! Эзгу ниятларига фаришталар омин дейди! Парвардигор раҳмат эшигини очади!

Мен яқин келажакда юртимизнинг энг илғор мамлакатлар қаторидан ўрин олишига ишонаман. Бу ишончимга қўшилмайдиганлар бўлса, Жаҳон банкининг Ўзбекистоннинг ривожланиш суръати ҳақидаги рақамларига мурожаат этсин. Банк 2026 йилда мамлакатимиз ялпи ишлаб чиқариши суръатини 7,7 фоиз этиб, прогноз беряпти. Хорижлик мутахассисларнинг фикрича, ўн-ўн икки йилдан кейин Ўзбекистоннинг ялпи ишлаб чиқариши триллион доллардан ошар экан! Триллион! Булар осмондан олинган эмас, аниқ фактлар таҳлили асосида юзага келган рақамлар! Кўз тегмасин!

Узр, хорижлик мутахассисларни ҳам хижолат этиб қўйяпмиз! Юқоридаги рақамларни ёзгандан кейин ҳозиргина ўқиб қолдим: ўсишимиз суръати уларнинг тахминидан жуда юқори — 8,7 фоиздан зиёд экан!

4

Дунёнинг улуғ донишмандлари инсониятни тутиб турган қадриятлар ҳақида охир-оқибат ягона хулосага келган. Инсонлар, халқлар, давлатлар ўртасидаги муносабатларга ўзи ҳам аралашиб, не-не ғавғоларни бошдан ўтказган Алишер Навоий бир куни мана бундай сатрларни битган:

Олам аҳли, билингизким,

иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаки,

эрур ёрлиғ иш.

Бу байт маъносини барча англаб турган бўлса ҳам майли, шарҳлаб қўяй: “Дунё одамлари, — деяпти шоир, — билиб қўйинг: душманлик яхши иш эмас. Бир-бирингиз билан дўст бўлинг, инсонга фақат дўстлик ярашади”.

Шавкат Миромонович, назаримда, ҳали Президентлик лавозимига сайланмасдан олдин ҳам “душманлиғ иш эмас” эканини чуқур тушунган. Марказий Осиёдаги қондош-жондош мамлакатлар ўртасида авж олган нохушликларни юраги ачишиб кузатган. У бошқарган Вазирлар Маҳкамасининг вазифаси хўжалик юритиш бўлгани учун қўшнилар билан муносабатимиз ёмонлиги туфайли ривожланиш имиллаётганини теран ҳис қилган. Энг муҳими, бу ғалвалардан одамлар ҳам азобланаётганини ўз кўзи билан кўрган.

Албатта, шундай бўлган! Шу боис, ­Шавкат Миромонович мамлакат бошқаруви жиловини ўз қўлига олгач, бир зум тин олмай, аввало, қўшнилар билан қардошлик-қариндошлик ришталарини тиклай бошлади. Бу иш қанча оғир-енгил кечгани фақат шу эзгу ниятли одамнинг ўзига маълум. Аммо натижа қутлуғ — қўшни мамлакатларга йўлимиз тушса, Ўзбекистоннинг бир фуқароси сифатида биз ҳам иззат-ҳурмат кўряпмиз.

Сурхондарё вилояти учта мамлакат билан чегарадош. Шўролар даврида, масалан, Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида чегара бор-йўқлиги эсимизга ҳам тушмасди. Термиз ёпиқ шаҳар бўлгани учун Душанбега ҳам учиб бориб, Сурхонга ўтиб кетаверардик. Баъзилар каттароқ бозор-ўчарини Душанбега бориб қиларди... Аммо мустақилликдан кейин бир муддат ўтгач, ҳамма ўзига хон, ўзига бек бўлиб олди. Чегарадан ўтиш ушалмас орзуга айланди!

Ҳозир тарихга айланган бошоғриқ бу кунлардан бир шингил воқеани куни кеча ҳикоя қилиб беришди. Сариосиёда яшайдиган бир кекса аёлнинг Регардаги синглиси вафот этганда жигарининг қабрини зиёрат этиш учун саккиз йил уриниб, чегарадан ўтолмаган экан. Регар билан Сариосиёнинг ораси, ҳа борингки, ярим соатлик йўл!

Икки мамлакат ўртасида дўстлик-биродарлик муносабатлари ўрнатилгач, қариндошлар бу узоқ айрилиқдан сўнг йиғлаб-сиқтаб юз кўришди. Душанбедан шувиллаб машиналар Сурхондарёга келадиган, уч-тўрт сариосиёлик дўстлар “Душанбени бир айланиб келайлик”, деб йўлга чиқадиган бўлди. Бир қадам йўл! Эрталаб бориб, кечқурун қайтиб келасиз!

Тожикистонни бошқа ҳудудлар, қўйингки, жаҳон билан боғловчи асосий йўллар юртимиз орқали ўтади! Энди бундай имкониятларга эга тожик халқининг хуррамлиги нечоғлиқ бўлганини тасаввур этинг!

Шу сабабдан Шавкат Миромонович бу қўшниларимиз юртига ташриф буюрганда, Эмомали Раҳмон саҳнадан туриб, ҳазил аралаш жуда зўр лутф этган эди: “Булар, — деди у зални тўлдириб ўтирган тожик халқи вакилларига ишора этиб, — сизни мендан ҳам ортиқ яхши кўради!”. Мана ҳурмат! Мана қардошлик!

Президентимизнинг бу ташрифидан сўнг бир муддат ўтгач, беш-олти ёзувчи жам бўлиб, Душанбега бордик. Мақсадимиз Бойсунда туғилган дўстимиз, Тожикистон халқ ёзувчиси Саттор Турсун вафоти муносабати билан яқинларига ҳамдардлик билдириш эди. Ёз кунлари. Эгнимизда ёзлик энгил-бош... Аэропортда эса бизни ўн-ўн беш чоғли киши — оппоқ кўйлак, қора костюм-шим кийган тожик дўстларимиз кутиб олди. Эртаси куни кутилмаганда Тожикистон Ёзувчилар уюшмасида қардош адабиётларимиз алоқалари ҳақида конференция ўтказилди. Яна ҳамма ўша расмий кийимда. Кўчада эса ёз... Биродарлар, бу тарзда мажлиснинг номини иззат-икром дейдилар! Ўзбекларга иззат-икром!

Бизни Сурхондарёга олиб кетгани юртимиздан оғайнилар келди. Мен йўлда қандай кетсак бўлади, автомобилларни ҳайдовчилар қайси тезликда ҳайдаса маъқул, милисалар тўхтатса, қандай муомала қилиш керак деб сўраб қолдим. Ҳар ҳолда машиналаримиз рақами Ўзбекистонники-да! Тожик дўстларнинг жавоби мени ҳайрон қолдирди:

— Ҳар қандай тезликда ҳайдайверинглар! Милисалар тўхтатмайди! Президентимиз “Ўзбеклар менинг меҳмоним — уларга ҳеч ким тегинмасин”, деб юқори минбарда айтган!

Қалай?

Бу гаплар ўзбек халқига ҳурматнинг энг чўққиси эди.

Икки халқ ўртасидаги бу иззат-ҳурматнинг қайтиши, янада юқори даражага ­кўтарилиши Шавкат Миромоновичнинг жонкуярлиги, самимий — дипломатик маҳорати ва инсоний фазилатлари билан боғлиқ эди.

Яқинда атоқли ўзбек шоири Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллигини нишонлаш учун Ўш шаҳрига бир гуруҳ ижодкорлар билан йўлга чиқдик. Илгари ҳам Ўш сафарида бўлганман. Чегара машмашаларини ўйлаб, кўнглим хижил бўлиб бораётгандим. Аммо безовталикка ўрин йўқ экан. Ўзбекистон фуқаролигига оид ҳужжатларимизни кўрсатиб, бемалол ўтиб кетавердик. Қирғизлар ҳам юртимизга шундай кириб келяпти.

Бу бемалолликни яратган, икки халқ ўртасида ишонч ва ҳақиқий дўстликни қайта барпо этган инсонларни алқадик. Ахир, бу икки қўшни халқ ўртасидан нималар ўтмаган эди!

Шавкат Раҳмоннинг юбилейига бағишланган ижодий кеча ниҳоятда баланд савияда ўтди. Мажлисда Қирғизистон ҳукуматининг бош котиби, нуфузли ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари, Ўш шаҳри ҳокими қатнашди ва нутқ сўзлади. Шавкат Раҳмон ўқиган мактабга ва шаҳарнинг катта кўчаларидан бирига шоир номи берилди.

Албатта, бу катта шоир шундай эҳтиромга арзийди. Шубҳа йўқ. Аммо барибир бу самимий эҳтиромнинг сабабчиси Шавкат Миромонович эканини ҳам ҳар дақиқада ҳис қилиб турдик.

Камина Қозоғистон сафарида бўлганимда дўстларнинг худди шундай меҳрига дуч келдим. Бир эмас, бир неча мукофот билан тақдирландим. Ҳатто хорижий бир мамлакатнинг адабий мукофоти ҳам қозоқ дўстларимизнинг тавсияси билан менга топширилди. Агар муносабатларимиз аввалдагидай ғаразли кечганда, шундай ҳол рўй берармиди?!

Марказий Осиё халқлари ўртасидаги бу иттифоқчиликнинг, бағрикенгликнинг ва меҳру муҳаббатнинг бош меъмори Шавкат Миромонович эканини ҳозир барча кўриб турибди. Хорижликлар ҳам бу минтақани ривожланиш сари бошлаб борадиган куч сифатида Ўзбекистонга қарамоқда.

Мен, асосан, азалий яқин қўшниларимиз билан муносабатлар ҳақида ёздим. Ҳар куни ўзгараётган бу чигал дунёдаги бошқа мамлакатлар билан муносабатларимиз ҳам айтишга арзигулик эканини таъкидлаб ўтмоқчиман. Масалан, Афғонистон билан етарли даражада алоқалар ўрнатганмиз. Ахир бу мамлакат орқали океанларга чиқиш орзумиз бор!.. Ҳозир шундоқ Амударёдаги кўприкдан ўтиб, ўзбек тупроғига қадам қўйилган жойда “Ўзбекистон — Афғонистон чегара олди савдо ҳудуди” бунёд этилган. Қатор-қатор дўконлар, меҳмонхоналар, ошхоналар... Савдо-сотиқ авжида. Ҳудуд тўлиб-тошиб кетяпти. Президентимиз бу ҳудудга яна қўшимча ер ажратиш ҳақида топшириқ берди.

Албатта, бу ён қўшниларимиз ҳам Ўзбекистон раҳбари шаънига илиқ сўзлар айтгани-айтган...

Дунёда ҳақиқий обрўга эга бўлиш осон иш эмас. Бу рутбага истеъдодли, ўзини аямай меҳнат қиладиган, фаросатли, бошқаларнинг ҳам манфаатини ҳурмат этадиган, ўз мамлакатини ҳам жонидан яхши кўрадиган сиёсий арбобларгина сазовор бўлади.

Мана шундай обрўга эга бўлганлардан бири эса бизнинг Президентимиз — Шавкат Миромонович! Ҳа, ўзимизнинг Президентимиз!

5

Мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг оқими жуда катта. Уларнинг ҳаммаси “Мен — ўзбекман!” деганларни қувонтиради.

Масалан, кейинги ойлардагина рўй берган қатор янгиликлар ҳали-ҳануз мени ҳайратга солиб келяпти.

Агар икки-уч йил аввал биров “Барчамизнинг жонимизга теккан шу пахтадан саксон-тўқсон центнердан ҳосил олинади”, деса, камина “Қўйсанг-чи”, деб кулиши аниқ эди. Аммо худди шундай бўлди! Яна қаерда денг? Сирдарёда! Бу вилоятда талабалигимда пахта терганман. Ўртача йигирма центнердан ҳосил олинса, дўппи осмонга отиларди! Энди эса... Одам ишонмайди. Ҳатто деҳқонларнинг ўзи ҳам чаноқлар бошдан-адоқ очилган пахтазорга қараб, ҳайрат билан гапирганига гувоҳ бўлганман. Хориждан уруғлик келтирилдими? Келтирилди. Аммо ўзимиз ҳам қараб турганимиз йўқ. “Порлоқ” навли ғўзамиз хорижий навлардан ортиқ бўлса ортиқ, лекин кам эмас!

Бир жумла билан билан айтилганда, пахтачиликда инқилоб рўй берди!

Ҳайратланарли яна бир воқеа.

Олмалиқда 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди. Бундай фабрикалар қурилиб, ишга туширилиш жараёни бутун жаҳонда ўн йилга чўзилар экан. Бизда эса тўрт йилда (ҳа, тўрт йилда!) амалга оширилди. Бу муддатга ҳатто ўзимизнинг энг катта мутахассислар ҳам, америкалик ҳамкор ҳам ишонқирамаган экан. Мана шу америкалик энди бутун жаҳонни Ўзбекистоннинг бу тезкор тажрибасини ўрганишга чақирди.

Яна бир ҳайрат. Фақат мен эмас, ҳали ўзбекларнинг неча-неча авлоди ғурурланадиган мўъжиза — Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши. Бу марказ ажиб дид билан қурилган кошона. Деворларида қўл билан ишланган нақшлар, бутун дунёдан йиғиб келинган — илгари ўзимиздан олиб чиқиб кетилган ноёб экспонатлар, Усмон Қуръони, қадимий қўлёзмалар... Уларни намойиш этиш учун энг замонавий технологияларнинг қўлланиши...

Шавкат Миромонович марказнинг қурилиши ҳақида қизиқ тушунтириш берди: “Бу марказнинг қурилишида шошмадик. Саккиз йилда охирига етказдик...”.

Бу изоҳ менга жуда ёқди. Чунки навбатдаги бир иморат эмас, балки санъат асари қурилаётган эди! Санъат асари яратилишига худди шундай сабр-тоқат билан ёндашилади! Президентимиз мана шу нозикликни англаган!

Хуллас, асрларга татигулик иншоот дунёга келган.

Мен интернетда бу мўъжизани томоша қилиш учун бораётган икки кишининг суҳбатини эшитдим.

— Сен, — деди уларнинг бири иморат бор бўйича кўрингач, — Тожмаҳални ҳам кўргансан. Қайси зўр?..

— Бу зўр-ов, — деди ҳамроҳи бинога назар ташлаб. Сўнг ишонч билан бир қарорга келди. — Бу зўр!

Тамом, вассалом! Бу зўр!

Бундай бунёдкорликлар ҳақида ёзаверсам, адо бўлмайди шекилли.

Бугун интернетни очдим. Мана, тилга олинган янгиликлар: Тошкентдан Хоразмга йўл олган “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поезди, Тошкент вилояти марказидан Бекободдан айлантирилиб, Янгиерга борадиган янги 111 километрли янги темир йўл қурилиши, Самарқандга борадиган янги тезкор йўл, Тошкентдаги янги аэропортдаги асосий ишларнинг бошланиши...

Назаримда, ҳайратларимнинг энди чеки бўлмайди.

Сўнгсўз ўрнида

Спорт ишқибозиман. Ишқибозлигимни биладиган Хайрулла деган журналист

укам — тўқсонинчи йилларнинг охирида бўлса керак, футбол газеталаридан бирига интервью олиб қолди.

— Мана, Япония футбол жамоаси жаҳон чемпионати финалига йўлланма олди, — деди у. — Биз қачон жаҳон чемпионатига чиқамиз?

— Энди, — дедим мен атрофимдаги воқеликларни бир зум кўз олдимга келтириб, — мамлакатимизнинг Японияга менгзаб ривожланишини кутамиз-да, укам.

Орзумизга эришдик. Футболчиларимиз финал йўлланмасини қўлга киритди. Демак... Японияга менгзаб кетяпмизми? Шунга жуда ўхшайди. Ҳар ҳолда ривожланишимиз суръати кунчиқар юртникидан анча баланд.

Ишончим комил, шундай бўлади!

Чунки Ватанимизнинг бугунини ва ­эртасини яратишга ватанпарвар, халқпарвар, ишбилармон ва адолатли инсон бел боғлаган!

Усмон АЗИМ,
Ўзбекистон халқ шоири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид