Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БАА Покистоннинг воситачилигидан нега норози?
БАА ва Покистон ўртасидаги бугунги кескинлик тасодифий ҳолат эмас. Сўнгги йилларда Эрон, Саудия Арабистони ва Исроил атрофидаги геосиёсий жараёнлар Абу-Даби ва Исломободнинг қарашлари ўртасидаги фарқни янада чуқурлаштирди. Қалин иқтисодий алоқаларга эга икки мусулмон ўлкаси бугун геосиёсий масалаларда икки томонда туриб қолди.
Мавзуга Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Шавкат Икромов ва Камолиддин Раббимов изоҳ берди.
— Бирлашган Араб Амирликлари АҚШ–Эрон урушида Покистоннинг воситачилигидан нега норози?
Шавкат Икромов: Бугунги кескин геосиёсий вазият фонида эски зиддиятлар ҳам яна юзага чиқмоқда. Муаммонинг илдизи 2025 йилда Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида имзоланган мудофаа шартномасига бориб тақалади. Ушбу келишувга кўра, томонлардан бирига таҳдид юзага келганда, улар биргаликда ҳаракат қилиши керак эди. Бу эса минтақадаги кучлар мувозанатига бевосита таъсир кўрсатадиган жиддий ҳарбий ҳамкорлик сифатида баҳоланди.
Саудия Арабистони ва БАА ташқи томондан яқин ҳамкор бўлиб кўринса-да, Яманда ва айрим Африка ҳудудларида манфаатлар тўқнашуви сабаб рақобат олиб бораётган эди. Шу боис Покистоннинг Саудия билан яқинлашуви Абу-Дабида салбий қабул қилинди. Шундан сўнг БАА Покистонга нисбатан босим воситаларини аста-секин кучайтира бошлади.
Хусусан, Покистон иқтисодиёти учун муҳим бўлган кредитлар ва инвестицияларнинг катта қисми айнан БАА томонидан ажратилган эди. Турли манбаларда қарз миқдори 2,5–3,5 миллиард доллар атрофида экани айтилади. Ҳозир Абу-Даби ушбу маблағларни қайтариш масаласини фаол кўтармоқда. Бу пайтда Покистон иқтисодиёти оғир даврни бошдан кечирмоқда. Халқаро иқтисодий кўрсаткичларга кўра, мамлакат молиявий босим остида қолмоқда ва қарзларни тезда қайтариш имконияти чекланган. Покистон парламентидаги айрим баёнотлар эса БААдаги норозиликни янада кучайтирди.
БАА кейинги йилларда минтақадаги хавфсизлик сиёсатини ҳам қайта шакллантирди. Покистон–Саудия яқинлашувига жавобан Абу-Даби Ҳиндистон билан алоқаларни мустаҳкамлади, Исроил билан ҳам ҳарбий ва технологик ҳамкорликни кенгайтирди. Ҳатто Эрон билан кескинлик кучайган паллада Исроилнинг “Темир гумбаз” тизими ва мутахассислари ҳам БААга юборилган. Бундан ташқари, Амирликлар Жанубий Корея, Бразилия ва бошқа давлатлардан ҳам замонавий мудофаа тизимларини харид қилган.
Ҳозирги норозиликнинг энг юқори нуқтаси эса Покистоннинг Эрон билан боғлиқ воситачилик жараёнларида кузатилди. Исломободдаги музокараларга Саудия Арабистони ва Қатар вакиллари жалб этилган бўлса-да, БАА вакилларининг четда қолиши Абу-Дабида салбий таассурот уйғотди. Амирликлар ўз манфаатлари ва позицияси ҳисобга олинмаганини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, АҚШ ҳам Покистоннинг воситачилик услубидан тўлиқ мамнун эмаслиги ҳақида сигнал бермоқда. Вашингтондаги айрим баёнотларда Исломобод Эроннинг позициясини юмшоқ шаклда етказаётгани, АҚШ талабларини эса етарлича қатъий ифода этмаётгани айтилмоқда.
Шу жиҳатдан, БААнинг норозилиги АҚШдаги айрим қарашлар билан параллел равишда шаклланмоқда. Умуман олганда, БАА ва Покистон ўртасидаги бугунги совуқлик узоқ йиллик геосиёсий зиддиятларнинг давоми ҳисобланади. Агар бу жараён янада чуқурлашса, энг катта иқтисодий зарарни айнан Покистон кўриши мумкин. Чунки БАА ҳудудида миллионлаб покистонлик меҳнат муҳожирлари фаолият юритади ва Амирликлар Покистон иқтисодиётига сармоя киритаётган асосий давлатлардан бири саналади.
Камолиддин Раббимов: Сўнгги маълумотларга кўра, Эрон ўзининг айрим разведка самолётларини АҚШ зарбаларидан ҳимоя қилиш мақсадида Покистон ҳудудига кўчирган.
Масаланинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, Покистон ҳанузгача Исроилни расман тан олмаган давлатлардан бири ҳисобланади. Исломобод узоқ йиллардан бери Фаластин масаласи ҳал этилмагунча Исроилни тан олмаслик позициясида турибди.
Шу билан бирга, Покистоннинг Эрон масаласидаги ёндашуви мураккаб ва икки томонлама характерга эга. Бир томондан, Исломобод айрим геосиёсий ва мазҳабий омиллар сабаб Эронни ўзига тўлиқ яқин давлат сифатида кўрмайди. Покистон аҳолисининг катта қисми шиалардан иборат экани ҳам бу масалани ички хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳушёр бўлишга ундайди.
Бошқа томондан эса, Покистон Исроилни стратегик рақиб сифатида қабул қилади. АҚШ билан эса эҳтиёткор прагматик муносабат юритишга ҳаракат қилади. Исломобод Вашингтон билан очиқ қарама-қаршиликдан қочиб, дипломатик мувозанатни сақлашга интилади. Шу сабабли АҚШ сиёсий доираларида Покистон кўпинча “мураккаб ўйин қоидаларига эга давлат” сифатида баҳоланади.
Бу ҳолат янги эмас. Ҳатто 11 сентябр воқеаларидан кейин ҳам, генерал Парвез Мушарраф даврида Вашингтоннинг Покистонга нисбатан ишончи жиддий пасайган эди. Бир вақтлар АҚШ Покистонни миллиардлаб доллар ҳарбий ва молиявий ёрдам билан қўллаб-қувватлаган бўлса, кейинчалик бу ёрдамларнинг катта қисми қисқартирилган.
Бугунги вазиятда эса Покистон расмий жиҳатдан нейтрал воситачи сифатида кўринишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ кўплаб кузатувчилар Исломобод дипломатияси амалда Эронга нисбатан оҳиста ён босишини таъкидламоқда. Хусусан, Покистон раҳбарияти уруш ўрнига музокараларни давом эттириш зарурлигини фаол тарғиб қилмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари Покистонни тўлиқ холис воситачи деб ҳисобламайди. Чунки Покистондаги музокараларга можаронинг асосий томонларидан бири бўлган Исроил таклиф этилмаган. БАА ҳам ушбу жараёнлардан четда қолмоқда.
Бунинг асосий сабаби эса аниқ: Покистон Исроилни расман тан олмагани учун уни музокараларга таклиф қилиши сиёсий жиҳатдан деярли имконсиз. Шу боис БАА Покистон дипломатиясини мувозанатли эмас, балки Эронга нисбатан яқинроқ позицияда деб баҳоламоқда.
Бундан ташқари, БАА бугунги араб дунёсида Исроил билан энг яқин алоқаларга эга давлат ҳисобланади. Айниқса Доналд Трамп биринчи президентлик даврида Абу-Дабининг Исроилни тан олиши Покистонда жиддий норозилик уйғотган эди. Исломобод ўша пайтда араб давлатларини Фаластин масаласи тўлиқ ҳал бўлмасидан туриб Исроил билан яқинлашишда айблаган. Шу сабабли бугунги можаро фақат дипломатик воситачилик билан боғлиқ эмас. Бу ерда минтақадаги эски геосиёсий рақобат, хавфсизлик манфаатлари ва Исроил масаласига оид қарама-қарши позициялар ҳам ўзаро кесишмоқда.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
15:33 / 13.05.2026
🔴 LIVE: Россияда синалган ракета ва Хитойга йўл олган Трамп | "Геосиёсат"
18:01 / 12.05.2026
БАА Эронга яширинча ҳужумлар уюштириб келмоқда – WSJ
15:33 / 12.05.2026
🔴 LIVE: Трамп Эронни яна бомбалаши мумкин | "Геосиёсат"
08:34 / 12.05.2026