Ўзбекистон | 08:52
2036
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги гуллар фестивали Гиннес рекордлар китобига кириши мумкин

Наманган шаҳрида ўтказиладиган 65-Халқаро гуллар фестивали бу йил Гиннеснинг рекордлар китобига кириши мумкин. Покистоннинг қатор оммавий ахборот воситалари мазкур фестиваль ҳақида материаллар эълон қилиб, тадбирнинг халқаро миқёсдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.

Фото: Kun.uz

Жумладан, Покистоннинг Associated Press of Pakistan ахборот агентлиги, Islamabad Post газетаси ҳамда бошқа электрон нашрларда Namangan шаҳрида 24 майдан 12 июлгача Халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтиши ҳақида мақолалар чоп этилди.

Нашрларда таъкидланишича, мазкур фестиваль илк бор 1961 йил август ойида гуллар кўргазмаси сифатида ташкил этилган. Дастлаб унда маҳаллий боғбонлар ва гул етиштирувчилар ўз маҳсулотларини намойиш қилган.

2018 йилда фестиваль халқаро мақом олгач, унга турли давлатлардан меҳмонлар ва иштирокчилар кела бошлади. Бугунги кунда у Ўзбекистоннинг энг йирик ва машҳур маданий тадбирларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Покистон ОАВ маълумотига кўра, бу йил фестиваль 65-маротаба ўтказилади ва юбилей тадбири сифатида кенг нишонланади.

Манбаларда қайд этилишича, фестивалда 50 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 1 миллион нафар хорижий сайёҳ ҳамда 7 миллиондан зиёд маҳаллий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда.

Қарийб 50 кун давом этадиган гуллар байрами доирасида 150 дан ортиқ маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади.

Шунингдек, бу йилги фестиваль энг кўп гул экиш бўйича Guinness World Records рекордлар китобига киритилиши мумкинлиги ҳам билдирилган.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид