Жаҳон | 08:58
474
2 дақиқада ўқилади

НАТО ва Сербия илк қўшма машғулотларни ўтказмоқда

Сербия тарихида илк бор мамлакат ҳудудида НАТО билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда 12 май куни Сербия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Фото: Ministry of defence Republic of Serbia

“НАТО – Сербия” деб номланган машғулотлар НАТОнинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури доирасида ташкил этилган бўлиб, 23 майгача давом этади.

Сербия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, машғулотларда Сербия, Италия, Руминия ва Туркиядан тахминан 600 нафар ҳарбий хизматчи иштирок этмоқда. Шунингдек, бошқа НАТО давлатларидан, жумладан Германиядан ҳам кузатувчилар қатнашмоқда.

Agence France-Presse агентлиги НАТО вакилларидан бирига таяниб хабар беришича, “бу муҳим машғулотлар” ҳисобланади.

“Сербия мезбон давлат сифатида иштирок этмоқда ва барча жараёнлар мамлакатнинг ҳарбий нейтралитет сиёсатига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда”, — деган НАТО вакили.

Сербия Болқон яриморолидаги қўшни давлатларнинг аксариятидан фарқли ўлароқ, НАТО аъзоси эмас. Белград буни ҳарбий нейтралитет сиёсати билан изоҳлайди.

Шу билан бирга, мамлакат қарийб 20 йилдан бери НАТОнинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурида иштирок этиб келмоқда ва мунтазам равишда альянс машғулотларида қатнашади.

Айни пайтда Сербия Россия билан ҳам дўстона муносабатларни сақлаб қолган.

Ҳозирги машғулотлар Сербия ҳудудида НАТО билан бевосита ҳамкорликда ташкил этилган биринчи тадбир ҳисобланади.

Уларни Сербия Қуролли кучлари Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлиги ҳамда Италиянинг Неаполь шаҳрида жойлашган НАТО Бирлашган кучлар қўмондонлиги тайёрлаган.

12 май куни эълон қилинган фотосуратларда Сербия ва НАТО давлатлари ҳарбийлари Borovac Training Ground полигонида ёнма-ён турганини кўриш мумкин. Полигон Сербия марказидаги Бужановак шаҳри яқинида жойлашган.

AFP таъкидлашича, 1999 йилда НАТО кучлари Косово уруши вақтида Сербияни бомбардимон қилганидан бери альянс билан ҳамкорлик мамлакатда ҳали ҳам жуда сезгир мавзу ҳисобланади.

Ҳозир ҳам Косово ҳудудида НАТО раҳбарлигидаги халқаро тинчликпарвар миссия — KFOR фаолият юритмоқда.

Белград эса бугунги кунгача Косово мустақиллигини тан олмаган.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид