Жаҳон | 08:06
3450
8 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркдан Лондонга 3,5 соатда: янги авиация даври бошланмоқда

Товушдан ҳам тез учувчи йўловчи самолётлар парвозлари 2003 йилда, British Airways ва Air France авиакомпаниялари Concorde самолётини эксплуатациядан чиқаргач, деярли йўқолиб кетган эди. Шу билан 27 йил давом этган тезкор трансатлантик парвозлар даври якунланди.

Фото: AP

Кейинги йигирма йил давомида бу технологиянинг ривожланиши амалда тўхтаб қолди. Бунга ҳуқуқий чекловлар, ҳал этилмаган акустик муаммолар ва жиддий тижорий инвестицияларнинг йўқлиги сабаб бўлди. Аммо сўнгги икки йил ичида вазият кескин ўзгарди.

АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармасининг (FAA) қуруқлик устида товушдан ҳам тез учувчи йўловчи самолётлар парвозларига қўйган ярим асрлик тақиқи президент фармони билан бекор қилинди. Concorde давридан бери илк бор хусусий самолёт тезлиги товуш тезлигидан ошди. NASA эса товушдан ҳам тез учувчи лайнерлар парвозларининг асосий муаммоси бўлган “товуш зарбаси”ни ҳал қилишга қаратилган самолётни фаол синовдан ўтказмоқда. Шу билан бирга, яхши молиялаштирилган бир нечта компаниялар ҳақиқий буюртмалар, ишлаб чиқариш қувватлари ва аниқ муддатларга эга тижорий лойиҳаларни илгари сурмоқда.

XX асрда товушдан ҳам тез учувчи авиацияни иқтисодий жиҳатдан самарасиз қилган омиллар тўлиқ йўқолмаган бўлса-да, бугунги манзара Concorde’нинг сўнгги тижорий парвозидан бери энг умидли давр ҳисобланмоқда.

Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида АҚШдаги қонунчилик муҳити товушдан ҳам тез учувчи авиациянинг тижорий ривожланишини деярли имконсиз қилиб қўйган эди. FAA’нинг 1973 йилдан амал қилган тақиқи сабаб ҳар қандай фойдали трансатлантик ёки трансконтинентал маршрут парвоз бошланмасиданоқ ҳуқуқий муаммоларга дуч келарди.

Ҳаммаси 2025 йил 6 июнда, Дональд Трамп қуруқлик устидаги товушдан ҳам тез учувчи йўловчи самолётлар парвозлари тақиқини бекор қилиш ҳақидаги фармонни имзолагандан кейин ўзгарди. Ушбу ҳужжат вақтинчалик сертификатлаш стандартини жорий этишни, уни шовқин даражаси асосида белгилашни ва тадқиқот ҳамда ишланмаларга тўсқинлик қилаётган бир қатор меъёрларни бекор қилишни назарда тутди. Шунингдек, федерал идоралар ўртасида бундай дастурларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни ҳам белгилади. Бу қарор оддий рамзий қадам эмас, балки узоқ муддатли инвестициялар учун пойдевор сифатида баҳоланди.

Бу тақиқнинг амалий аҳамияти фақат АҚШ ҳаво ҳудуди билан чекланмаган эди. Чунки иқтисодий жиҳатдан жозибали маршрутларнинг катта қисми қуруқлик устидан ҳам ўтади. Агар самолёт аҳоли яшайдиган ҳудудлар устида мажбуран товушдан паст тезликка тушса, унинг асосий устунлиги — вақт тежаш йўқолиб кетарди. Фақат океан устидаги маршрутларга таяниш эса имкониятларни кескин чеклаб қўярди.

Шунинг учун тезликка эмас, балки шовқин даражасига асосланган янги стандарт анча мантиқий қарор бўлиб кўринмоқда.

Бироқ бу қарор асосий техник муаммони ҳали ҳал қилгани йўқ. Товушдан ҳам тез учувчи йўловчи самолётлар парвози қуруқлик устида кучли товуш зарбасини ҳосил қилади. У биноларга зарар етказиши ва аҳоли норозилигини келтириб чиқариши мумкин. Янги вақтинчалик стандарт NASA’нинг X-59 дастурига “жим супертовуш” технологиясини исботлаш учун вақт беради, аммо муваффақиятни кафолатламайди.

Boom Supersonic ва Overture

Boom Supersonic хусусий компаниялар орасида товушдан ҳам тез учувчи тижорий авиацияга энг яқин келган лойиҳа ҳисобланади. 2025 йил январда унинг XB-1 намойиш самолёти мустақил ишлаб чиқилган биринчи товушдан ҳам тез учувчи реактив самолётга ва АҚШда яратилган биринчи фуқаролик супертовушли аппаратига айланди.

Бу парвоз келажакдаги Overture лайнери учун яратилган аэродинамик ва двигател технологияларининг ишлашини тасдиқлади.

Overture 60–80 нафар йўловчини тахминан соатига 1800 километр тезликда ташиш учун мўлжалланган. Унинг парвоз масофаси 8000 километр атрофида бўлиб, Нью-Йоркдан Лондонга ҳозирги рейсларга нисбатан қарийб икки баробар тез етиб бориш имконини беради. Самолёт 18 километр баландликда уча олади.

Компания портфелида 130 та самолёт учун буюртмалар мавжуд бўлиб, улар орасида American Airlines ва United Airlines билан келишувлар ҳам бор. 2024 йил июнда якунланган Overture Superfactory заводи йилига 33 та самолёт ишлаб чиқариш қувватига эга.

Аммо бу ерда муҳим изоҳлар ҳам бор. Авиакомпаниялар билан шартномалар мажбурий эмас ва таҳлилчилар уларни қатъий инвестициядан кўра қизиқиш ифодаси сифатида баҳоламоқда. Boom Supersonic рақобатчилардан анча олдинда бўлса-да, самолёт намунасидан сертификатланган тижорий лайнергача бўлган йўл ҳали узоқ.

NASA’нинг X-59 самолёти



X-59 самолёти FAA тақиқининг асосий сабабини ҳал қилиш учун яратилган.

Lockheed Martin’нинг Skunk Works бўлими томонидан ишлаб чиқилган ушбу самолёт одатий кучли “портлаш” ўрнига енгил “шапиллаш”га ўхшаш босим тўлқини ҳосил қилиши керак. Бу узун бурун ва махсус фюзеляж шакли ҳисобига амалга оширилади.

X-59’нинг биринчи парвози 2025 йил 28 октябрда бўлиб ўтди. 2026 йил апрелига келиб у тўққизта синов парвозини амалга оширди, 13 минг метр баландликка чиқди ва аста-секин супертовуш тезликларига яқинлашди.

Бу тижорий самолёт эмас, балки тадқиқот аппарати. Унинг вазифаси FAA учун келажак стандартлари бўйича маълумот тўплашдир. Агар дастур қуруқлик устида “жим супертовуш”га эришишини исботласа, Boom Supersonic каби компаниялар умид қилаётган маршрутларнинг иқтисодий самарадорлиги тасдиқланади. Акс ҳолда, бутун соҳанинг иқтисодий имкониятлари кескин қисқаради.

Hermeus ва гипертовушли келажак



Hermeus эса янада юқори мақсадни кўзламоқда — гипертовушли тезлик.

Бу тезликда Лондондан Нью-Йоркка парвоз тахминан 90 дақиқа, Токиодан Лос-Анжелесга эса икки соатдан кам вақт олиши мумкин.

2026 йил март ойида FAA Quarterhorse Mk 2.1 аппарати учун махсус учиш сертификатини берди. У ҳажми жиҳатидан F-16 Fighting Falcon қирувчисига яқин бўлиб, Pratt & Whitney F100 двигатели билан жиҳозланган.

Бироқ Hermeus ҳали тадқиқот ва ишланмалар босқичида. Quarterhorse дастури технология намойишчиси ҳисобланади, тижорий маҳсулот эмас. Компания узоқ муддатда Halcyon йўловчи самолётини яратишни режалаштирмоқда, аммо сертификатланган гипертовушли лайнергача бўлган йўл ўн йиллаб вақт талаб қилиши мумкин.

Бу ерда муҳандислик муаммолари анча мураккаб: юқори ҳарорат юкламалари, двигатель режимлари ўртасидаги ўтишлар ва узоқ гипертовушли парвозга чидамли материаллар.

Кимлар бу самолётларда учади?

Бугун синовдан ўтаётган лойиҳалар замонавий кенг фюзеляжли самолётларни алмаштириш учун яратилмаган. Overture атиги 60–80 йўловчи ташийди — бу Boeing 787 Dreamliner ёки Airbus A350’дан бир неча баробар кам.

Шунинг учун бундай парвозлар эҳтимол жуда қиммат бўлади ва асосан премиум сегментга мўлжалланади.

Энг реал сценарий — бу бизнес ва биринчи класс йўловчилари учун мўлжалланган хизмат. Вақт тежаш юқори нархни оқлайдиган ва кичик сиғим муаммо бўлмайдиган йўналишлар асосий бозорга айланиши мумкин.

Энг истиқболли маршрут — Нью-Йорк ва Лондон ўртасидаги парвозлар. Бу дунё авиациясидаги энг даромадли йўналишлардан бири ҳисобланади. Парвоз вақтининг етти соатдан тахминан уч ярим соатга қисқариши катта тижорий аҳамиятга эга.

Шунингдек, Нью-Йорк—Париж, Бостон—Лондон ва бошқа шимолий Атлантика йўналишлари ҳам товушдан ҳам тез учувчи йўловчи самолётлар учун катта имконият сифатида кўрилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид