Ўзбекистон | 21:12 / 14.05.2026
1126
1 дақиқада ўқилади

Иссиқхонани иситишда мазут, битум ва шина ёққанлик учун жарималар белгиланди

Ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни, шунингдек, чиқиндиларни ёқиб юборганлик учун жарималар жорий этилади. Тегишли қонун президент томонидан 4 май куни имзоланди ва 5 августдан кучга киради.

Фото: Kun.uz 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ҳаво ифлосланиши бўйича 88-моддаси янги бандлар билан тўлдирилди.

Қуйидагилар ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланади:

- ёқилғини, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларни ёки моддалар аралашмасини, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни, шунингдек чиқиндиларни белгиланмаганмўлжалланмаган жойларда ва қурилмаларда очиқ аланга билан ёқиш;

- иссиқхонада, ишлаб чиқариш биноларида, ёқиш қурилмаларида ёнилғи сифатида шиналар, битум, мазут, плёнкалар, синтетик картон, резиналарни ёқиш.

Ушбу қоидабузарликлар учун қуйидаги жарималар назарда тутилган:

- фуқаро учун — БҲМ 15 бараваридан 25 бараваригача (6,18 млн сўмдан 10,3 млн сўмгача);

- мансабдор шахс учун — БҲМ 25 бараваридан 50 бараваригача (10,3 млн сўмдан 20,6 млн сўмгача).

Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, жарима миқдори ошади:

- фуқаро учун — БҲМ 25 бараваридан 50 бараваригача (10,3 млн сўмдан 20,6 млн сўмгача);

- мансабдор шахс учун — БҲМ 50 бараваридан 70 бараваригача (20,6 млн сўмдан 28,84 млн сўмгача).

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид