Ўзбекистон | 17:50
6079
2 дақиқада ўқилади

«Ўткан кунлар»ни инглиз тилига ўгирган олим ЎзДЖТУга қарши судда ғолиб чиқди

Америкалик таржимон ва шарқшунос олим Марк Рис (Mark Reese) муаллифлик ҳуқуқи бузилгани юзасидан ўтказилган Ўзбекистон судида ғалаба қозонди. ЎзДЖТУ 20 млн 600 минг сўм товон тўлайдиган бўлди.

Фото: Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги хабарига кўра, шу йил апрель ойида олим фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳри, Учтепа туманлараро судига муаллифлик ҳуқуқи бузилиши натижасида етказилган зарар юзасидан товон пули ундириш тўғрисидаги даъво аризаси киритган.

Мазкур даъво аризаси бўйича фуқаролик иши кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан жавобгар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) масъул ходими М.Чутпулатовдан даъвогар Марк Рис фойдасига БҲМ 50 баравари яъни 20 миллион 600 минг сўм миқдорида товон ундирилиши белгиланди.

Аввалроқ, Марк Рис 15 йил давомида инглиз тилига («Bygone Days» номи остида) таржима қилган «Ўткан кунлар» асарининг рухсатсиз электрон шаклда тарқатилаётгани ҳақида Адлия вазирлигига мурожаат қилган эди. Мурожаат асосида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўрганиш ўтказилиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик бўйича университет масъул ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддаси билан баённома расмийлаштирилиб, судга юборилди. Суд қарорига кўра, масъул ходимга 2 миллион 60 минг сўм миқдорида жарима белгиланган ҳамда асарнинг электрон нусхасини unilibrary.uz тизимидан ўчириш мажбурияти юклатилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид