Жаҳон | 08:36 / 15.05.2026
1558
2 дақиқада ўқилади

Флоридадаги аэропортга Дональд Трамп номи берилади

АҚШнинг Флорида штатида жойлашган Палм-Бич халқаро аэропорти амалдаги президент Дональд Трамп шарафига қайта номланади. Ўзгаришлар 9 июлдан кучга киради.

Фото: REUTERS

Reuters агентлигининг хабар беришича, аэропортнинг уч ҳарфли халқаро коди ҳам ўзгариб, амалдаги PBI ўрнига DJT бўлади. Бу Дональд Жон Трамп исмининг бош ҳарфларидан иборат.

АҚШ транспорт вазири Шон Даффининг маълум қилишича, аэропорт кодлари бутун дунё бўйлаб Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) томонидан белгиланади.

Флорида штатида Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳи жойлашган бўлиб, у ерда АҚШ президенти кўплаб халқаро учрашувлар ва музокаралар ўтказиб келади.

Сўнгги вақтларда АҚШда Трамп номи берилган объектлар сони кўпаймоқда. Хусусан, АҚШ Тинчлик институтига Трамп номи берилган, Вашингтондаги Жон Кеннеди номидаги ижро санъати маркази эса “Дональд Ж. Трамп ва Жон Ф. Кеннеди номидаги ижро санъати маркази” деб қайта номланган.

Шунингдек, Трамп АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари учун янги “Трамп” туркумидаги икки ҳарбий кема қурилишини ҳам эълон қилган.

Бундан ташқари, АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Трамп сурати туширилган паспортлар серияси чиқарилиши маълум қилинган. Уларда президент имзоси олтин ҳарфлар билан ёзилади. Трамп имзоси 100 долларлик купюраларда ҳам пайдо бўлади.

Яна бир янгилик сифатида, АҚШнинг Бадиий санъат комиссияси Трамп тасвири туширилган ва Liberty (“Озодлик”) ёзуви акс этган 24 каратли олтин танга чиқарилишини маъқуллади.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид