Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи инглиз тилида чоп этилди
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи инглиз тилида жаҳон китобхонларига тақдим этилди.
Фото: ЎзА
Ушбу нашр – 2026 йилда адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган юбилей тадбирлари олдидан маданий туҳфа бўлди, дея хабар берди “ЎзА”.
2025 йилда адибнинг 100 йиллик юбилейига бағишланган ташаббус доирасида ёзувчининг рафиқаси – “Дўстлик” ордени соҳибаси Марям ая Шариатуллаева (Ёқубова) томонидан берилган оқ фотиҳа ва розилик асосида “Улуғбек хазинаси” романини инглиз тилига таржима қилиш лойиҳаси бошланган эди.
Мазкур илмий-адабий жараён Андижон давлат чет тиллар университети докторанти Абдуллажон Рўзиев раҳбарлигида амалга оширилди.
Кейинчалик лойиҳа университет раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши билан халқаро ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Таржима жараёнида америкалик муҳаррирлар – Шимолий Каролина университети битирувчиси Матю Пиерро (Mattew Pierro) ва Алон Шнейдман (Alon Schenidman) фаол иштирок этди.
Уларнинг ҳамкорлиги натижасида роман инглиз тилига таржима қилиниб, Amazon платформасида ва Ўзбекистонда нашр этилди.
Мирзо Улуғбек ҳаёти, унинг илмий-маърифий мероси ва тарихий шахс сифатидаги ўрни тасвирланган ушбу роман эндиликда халқаро китобхонларга Ўзбекистон тарихининг муҳим саҳифаларини, миллий маданият ва адабий меросни янада яқинроқ танитиш имконини беради.
Китоб замонавий нашр стандартларига мувофиқ равишда қаттиқ муқова (hardcover), юмшоқ муқова (paperback) ҳамда электрон (ebook) форматларда чоп этилди ва кенг китобхонлар оммаси учун Amazon платформаси орқали дунё бўйлаб тақдим этилди.
Маълумот учун, “Улуғбек хазинаси” романи дунёнинг элликка яқин тилларига таржима қилинган.
Келгуси йилда Одил Ёқубовнинг “Қўҳна дунё” романини инглиз тилига таржима қилиб нашр этиш кўзда тутилган.