Тошкентдаги 1 асрлик энг катта музейлардан бири – Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи. Унда Навоийдан тортиб замонавий ўзбек адабиёти намояндаларининг ижод маҳсули, архивлари сақланади. Бинонинг эскиргани ташқи томондан унча сезилмаса ҳам, ичкарига кирган киши буни дарҳол пайқайди. Деворлардаги бўёқлар кўчиб тушган, хоналар совуқ, ёруғлик жуда паст. Kun.uz мухбири 9 феврал, Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан музей биносидан репортаж тайёрлади.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Навоий кўчаси 69-бино олдида бир қўлида китоб ва бир қўлини иягига қўйганча ўйчан турган қиёфадаги ҳайкал бор. Бу Алишер Навоий ҳайкали. Унинг ортида эса сариқ ва оқ аралаш 4 қаватли бино – Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи турибди.

Музейга киришингиз билан совуқ ҳароратни дарров сезасиз. Навоий туғилган кун 9 феврал, қишда экани инобатда олинса, музейга қалинроқ кийиниб борганингиз маъқул. Чунки 4 қаватли 40 хонадан иборат бу музейни бирма-бир айланиб чиқиш учун камида 2 соат вақтингиз кетади. Музейда эса айни кунларда иситиш тизими ишламаяпти. Музей ходимлари ҳам хонасида қўшимча иситиш қурилмаларини улаб қўйишган. Музейнинг ўзи эса анча эскириб қолгани бир қарашда кўзга ташланади.

Музей биноси 1933-1936 йилларда классик усулда қурилган. Бу ерда 70 мингга яқин ашё сақланади. Унда фақат Навоий эмас, бутун ўзбек адабиёти намояндалари билан танишасиз. Улар орасида кўпчиликка таниш бўлмаган адиб, шоирлар ҳам талайгина. Музей қуйидаги бўлимларга ажратилган: «Темурийлар даври ўзбек маданияти ва адабиёти тарихи»; «Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди»; «Бобур ва бобурийлар даври ўзбек адабиёти тарихи»; «17–19-асрлар ўзбек адабиёти тарихи»; «20-аср ўзбек адабиёти тарихи». «Қардош халқлар адабиёти», «Ўзбек халқ оғзаки ижоди» хоналари.

Алишер Навоий кўп қиррали ижодкор – шоир, мутафаккир, жаҳон адабиётининг етук сиймоларидан бири, давлат арбоби, файласуф бўлган. У 1441 йил 9 феврал куни Хуросон давлатининг пойтахти — ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳирот шаҳрининг Боғи Давлатхона мавзесида туғилган. Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил бу ерда