Жаҳон | 08:48
741
2 дақиқада ўқилади

Британия мудофаа бюджетига 20 млрд евродан ортиқ маблағ ажратмоқчи

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер мудофаа харажатларини 18 миллиард фунт стерлингга (20,6 миллиард евро) оширишни маъқуллаши мумкин. Бу ҳақда британинг The Times нашри 15 май куни хабар берди.

Фото: REUTERS

Нашр маълумотига кўра, Стармер бу ҳақдаги баёнотни келаси ҳафта — 18–24 май кунлари оралиғида эълон қилиши мумкин. Ҳозирча мазкур маблағ қаердан жалб қилиниши аниқ эмас.

The Times суҳбатдошларидан бири бўлган Британия ҳукумати вакили янги мудофаа пакети давлат бюджети учун “анча мақбул” бўлишини айтган.

Британия парламенти сайтидаги маълумотларга кўра, мамлакатнинг 2025–2026 молиявий йили учун мудофаа харажатлари 62,2 миллиард фунтни ташкил этади.

Нашр таъкидлашича, мудофаа харажатларини ошириш ҳақидаги қарор мамлакат ички сиёсати учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аввалроқ Кир Стармер Украина ва Эрондаги урушлар фонида мудофаа ҳамда хавфсизликни ўз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири қилишга ваъда берган эди.

Бироқ мухолифлар уни бу режаларни амалга ошира олмаётгани учун танқид қилиб келмоқда.

Сўнгги кунларда Буюк Британия ҳукуматида сиёсий инқироз кучайиб, Лейбористлар партиясининг ўнлаб депутатлари ўз партиядоши бўлган Кир Стармернинг бош вазирликдан кетишини талаб қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид