Бош вазир Кир Стармернинг ҳукмрон Лейбористлар партияси Буюк Британиядаги маҳаллий ва минтақавий сайловларда оғир мағлубиятга учради. Асосий ғолиб евроскептик Найжел Фараж бошчилигидаги ўнг қанот популистик Reform UK партияси бўлди, деб ёзди Reuters.
Хабар қилинишича, лейбористлар Англиянинг шимолидаги, шунингдек, Шотландия ва Уэлсдаги анъанавий таянч ҳудудларда қўллаб-қувватловни йўқотган. Яқиндагина маргинал деб ҳисобланган Reform UK партияси турли маҳаллий кенгашларда 700 дан ортиқ ўринга эга бўлди ва амалда мамлакатнинг асосий сиёсий кучларидан бирига айланди.
Reuters нашрининг таъкидлашича, сайлов натижалари «анъанавий Британия икки партияли тизимининг парчаланиш белгиси» бўлди, чунки нафақат Стармер бошчилигидаги Лейбористлар партияси, балки унинг абадий рақиби Консерватив партия ҳам мағлубиятга учради. Шу билан бирга, Reform UK партиясидан ташқари, бошқа анъанавий аутсайдер партия - сиёсий спектрнинг бошқа томонидаги сўл Яшиллар партияси, шунингдек, Шотландия ва Уэлсдаги минтақавий миллатчилар ўз вакиллигини сезиларли даражада оширди.
The Guardian нашрининг ёзишича, лейбористлар ҳатто йиллар давомида уларнинг ишончли электорал базаси ҳисобланган «қизил» округларда ҳам ўнлаб мандатларни йўқотган. Хусусан, Reform UK Нюкасл-андер-Лаймни назоратга олди ва Хартлпулдаги барча 12 ўринни қўлга киритди. Шу фонда партия ичида Стармернинг истеъфосига чақириқлар янгради.
The Guardian газетаси иқтибос келтирган британиялик лейборист депутат Жонатан Бреш бош вазир истеъфога чиқиши кераклигини очиқчасига айтди. Собиқ «соядаги» канцлер Жон Макдоннелл ҳам партия раҳбариятини ўзгартириш зарурлигига ишора қилди.
Шу билан бирга, Стармернинг ўзи лавозимини тарк этишдан бош тортди.
«Сайловчилар ўзгаришлар суръати ҳақида, ўз ҳаётини қандай яхшилашни хоҳлаши ҳақида хабар берди. Мен бу чақириқларга жавоб бериш учун сайланганман ва мен бундан бўйин товлаб, мамлакатни тартибсизликка дучор қилмоқчи эмасман», деди Стармер.
Ўз навбатида, Найжел Фараж партиясининг ғалабаси «Британия сиёсатидаги тарихий ўзгаришлардан» далолат беришини ва энди Reform UK лейбористлар ва консерваторлар тимсолида Британия ҳукуматига «ҳақиқий мухолифатга» айланганини айтди. Фараж, шунингдек, партияси 2029 йилдан кечиктирмай ўтказиладиган Британия парламентига «умумий сайловларда ғалаба қозониш йўлида» эканига ишонч билдирди.

















