Ўзбекистон | 08:56
1136
2 дақиқада ўқилади

Наманганда 5 млн туп гул билан фестивалга тайёргарлик кўрилмоқда

Наманган шаҳрида 65-маротаба ўтказиладиган Халқаро гуллар фестивали олдидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Фестиваль муносабати билан шаҳар ва туманлар кўчаларига қарийб 5 миллион туп мавсумий гул экиляпти.

Фото: uzbekistan.travel

Мисрнинг Sada al-Balad нашрининг ёзишича, Намангандаги Халқаро гуллар фестивали илк бор 1961 йил август ойида ташкил этилган. 2018 йилдан бошлаб фестиваль халқаро мақомга эга бўлиб, унда турли давлатлардан меҳмонлар ва иштирокчилар қатнашиб келмоқда.

Бу йил фестиваль юбилей — 65-маротаба ўтказилади. Сўнгги йилларда мазкур тадбир нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам ўзига хос бренд сифатида танилмоқда.

Маълум қилинишича, бу йилги фестиваль Гиннеснинг рекордлар китобига киритилиши ҳам мумкин. Айни пайтда бир ой ичида энг кўп гул экиш бўйича рекорд ўрнатиш жараёни кечмоқда. Ушбу жараёнлар ташкилотнинг Дубайдаги вакили Канзи Дефрави томонидан халқаро талаблар асосида кузатилмоқда.

Халқаро гуллар фестивали 24 майдан 12 июлга қадар давом этади. Тадбир доирасида гала-концертлар, дрон-шоу, автопарад, очиқ осмон остидаги симфоник концерт, модалар ҳафталиги, турли кўргазмалар ҳамда туризм ва инвестицияга бағишланган халқаро форумлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ташкилотчиларга кўра, шаҳар кўчаларига экилаётган ранг-баранг гуллар фестиваль меҳмонларида унутилмас таассурот қолдириши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид