Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Сини «дўстим» деди, аммо Хитойдан «қуруқ қўл» билан қайтди
Пекин билан аниқ келишувларнинг йўқлиги президент Трампнинг шахсиятга асосланган ташқи сиёсати хавфларини кўрсатади. Натижада саммит – Хитойнинг жаҳон саҳнасида ўсиб бораётган ишончини ва Трамп бошқарувидаги маъмуриятнинг чалкаш ташқи сиёсатини намойиш этди.
Трамп ва Си пайшанба кунги банкетда / Фото: New York Times
13-15 май кунлари Пекинга ташриф билан келган АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой етакчиси Си Жинпинг билан музокаралар ўтказди. Ташриф якунида Хитой Boeing самолётларини ва Америка соясини кўпроқ сотиб олиши ҳақида ноаниқ келишув бор эди, холос. Бундан ташқари, Эрон ва Ҳўрмуз бўғозини очиш ҳақида мунозаралар бўлди. Фентанил ишлаб чиқаришда ишлатиладиган кимёвий моддаларга қарши курашиш каби бошқа масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Аммо, икки қудратли давлат музокараларда – ўзаро ихтилоф манбаи бўлган Яқин Шарқ, савдо, Тайван, ядро қуролларининг тарқалиши, сунъий интеллект ёки бошқа сон-саноқсиз масалаларнинг бирортаси бўйича жиддий силжишлар қилмади.
New York Times'нинг ёзишича, Трамп, бунинг ўрнига Хитой раҳбари билан шахсий алоқа ўрнатишга — бошқача дипломатия турига мойил бўлиб кўринмоқда.
Доналд Трамп пайшанба куни Пекиндаги банкетда Сининг шарафига «менинг дўстим» дея қадаҳ кўтарди. Жума куни камералар қаршисида ўтиришганида у «ҳақиқатан ҳам дўстга айлангани»ни айтди.
President Trump delivers remarks at the state banquet dinner at the Great Hall of the People: "It was a fantastic day, and in particular, I want to thank President Xi, my friend, for this magnificent welcome... and for so graciously hosting us on this very historic state visit." pic.twitter.com/btp6ByzX2V
— Breaking911 (@Breaking911) May 14, 2026
Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмийси эса Си Трампни дўст деб ҳисоблайдими ёки йўқлиги ҳақидаги саволга қолипдаги расмий гап билан жавоб берди: «икки томон муҳим масалалар бўйича фикр алмашди».
Трампнинг ўзи эса Пекиндаги саммитни катта муваффақият сифатида олқишлади ва Хитойнинг узоқ йиллик раҳбари билан шахсий алоқа ўрнатганини алоҳида таъкидлади. Бироқ Сининг вазминроқ оҳанги ва ҳар қандай йирик келишувлар бўйича аниқлик йўқлиги кўриниб турганди, дейди нашр.
Таҳлилчилар нима дейди?
Нью Йоркдаги АҚШ-Хитой муносабатлари маркази вице-президенти Орвил Шел саммитни «жуда асоссиз ва фақат ниятлардан иборат» деб атади. «Биз бу ерда Трампнинг овоз чиқариб хаёл сураётганини кўрмоқдамиз», дейди у.
Бу номутаносиблик Трампнинг шахсиятга асосланган ташқи сиёсатидаги хавфларни кўрсатади. Яъни Трамп дунё муаммоларини ҳал қилиш ва Америка манфаатларини ҳимоя қилишда – ўз жозибаси ҳамда ирода кучига ишониб ҳаракат қилмоқда. Аммо, бу ҳафта АҚШ президенти – Сининг сиймосида Трампнинг мақтов ва дабдабага бўлган хоҳишини жуда яхши тушунадиган ва бундан фойдалана оладиган ҳамкасбига дуч келди.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бунинг натижасида саммит – Хитойнинг жаҳон саҳнасида ўсиб бораётган ишончини ва Трамп бошқарувидаги АҚШнинг чалкаш ташқи сиёсатини намойиш этди.
Етакчилар ўртасидаги шахсий муносабатлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса Хитой каби авторитар, марказлашган давлатлар ҳақида гап кетганда, бунга шубҳа йўқ.
Аммо Трампнинг Си Жинпингни ҳаддан ташқари мақтаб юборгани бутунлай бошқача, баъзида эса «ноқулай» бўлди. Масалан, Трамп саммит давомидаги интервьюсида Fox News бошловчисига жаноб Си «баланд, жуда баланд бўйли» эканлигини айтди. Сўнгра этник стереотипга ўтиб: «айниқса бу мамлакат учун, чунки улар бироз пастроқ бўлишга мойил» деди.
Trump goes on extended monologue praising Xi Jinping’s body:
— FactPost (@factpostnews) May 15, 2026
"If you went to Hollywood and you looked for a leader of China to play a role in a movie, he's central casting. You couldn't find a guy like him. Even his physical features. He's very tall, especially for this country.… pic.twitter.com/8R3RlWevpF
Доналд Трамп ўз шахсияти кучининг ташқи сиёсатда чегаралари борлигини аллақачон билиб бўлган. Биринчи муддатида у Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан «бир-бирларини ёқтириб қолишганини» таъкидлаган. Шунга қарамай, КХДРни ядро қуролидан воз кечишга мажбур қила олмади. Иккинчи муддатида эса у Владимир Путин билан ўнлаб телефон суҳбатлари ва Аляскадаги саммитга қарамай, Украинага босқинни ҳам тўхтата олмаяпти.
Хитой келишувларни тасдиқламади
Учрашувга кенгроқ кун тартиби билан кирган Хитой АҚШнинг муваффақият ҳақидаги даъволарини пучга чиқарди, деб ёзмоқда NYT.
Саммит келажакда АҚШ ва Хитой ўртасида янада барқарор муносабатларга ўтишнинг бошланиши сифатида кўрилиши ҳам мумкин. Бироқ Трамп гапирган ҳатто чекланган ютуқларнинг ҳам жуда кам қисми Хитой томонидан тасдиқланди.
Си Трампни Тайван туфайли тўқнашув хавфидан огоҳлантирди. Ваҳоланки Трамп «Air Force One» самолёти Пекиндан ҳавога кўтарилмагунча Тайван ҳақида ҳеч нарса демади.
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Трамп жар солган ютуқлар — Хитойнинг 750 тагача «катта, гўзал» Boeing самолётларини сотиб олиши ҳали якуний келишув эмаслигига шама қилди. Шанба куни Хитой баъзи самолётларни сотиб олишини маълум қилди, бироқ Boeing самолётларининг аниқ харидини тасдиқлашдан тийилди.
«Икки томоннинг ишчи гуруҳлари ҳали ҳам тегишли тафсилотларни муҳокама қилмоқда ва натижаларни имкон қадар тезроқ якунлайди», деди Ван АҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий музокараларга тўхталар экан.
Шунга қарамай, саммитнинг АҚШ учун энг муҳим ютуғини айтиб бериш сўралганда, Трамп «Менимча, энг муҳим нарса бу муносабатлардир. Ҳаммаси муносабатларга боғлиқ. Бу ҳеч қандай маънога эга бўлмаган нарсага ўхшаб эшитилиши мумкин, лекин аслида бу ҳамма нарсадир», деди.
Хитой ҳам ташрифнинг шахсий жиҳатини юқори баҳолади. Хитой ташқи ишлар вазири саммитдан сўнг «давлат раҳбарлари дипломатияси дунёдаги энг муҳим ва мураккаб икки томонлама муносабатларнинг 'йўлчи юлдузи'дир» деб айтди. Унинг сўзларига кўра, Трамп ва Си бирга деярли тўққиз соат вақт ўтказган ва «паст-баландликларни бошдан кечиргандан сўнг умумий барқарорликка эришишга» муваффақ бўлган.
Трамп сентябрь ойида Сини Вашингтонга келишга таклиф қилди. Бундан ташқари икки етакчилар 2026 йилнинг ўзида яна бир қанча халқаро тадбирлар доирасида учрашиши мумкин.
Ушбу учрашувларнинг барчаси АҚШ учун фойда келтирадими-йўқми, буниси номаълум. Агар, Трампнинг ташрифидан кейин «дўстона муҳит натижасида аниқ келишувлар» юзага келса, бу ўзига хос бурилиш нуқтаси бўлади, дейди таҳлилчилар. Аммо «бундай келишувлар ҳали содир бўлгани йўқ».
Боз устига Си ҳақиқатан ҳам «дўст» деб атайдиган Путин келаси ҳафта Хитойга ташриф буюради. Ушбу эълон Си ҳали ҳам Россияга муҳим геосиёсий ҳамкор сифатида қарашини эслатди. Вашингтондаги кўпчилик эса бу муносабатларни Америка хавфсизлигига таҳдид деб билади.
Мавзуга оид
20:41
АҚШ музокараларни қайтадан бошлаш учун Эронга бешта шарт қўйди - ОАВ
10:49
Трамп ортидан Путин ҳам Хитойга ташриф буюради
20:33 / 16.05.2026
Трамп ИШИД етакчиларидан бири йўқ қилинганини айтди
10:10 / 16.05.2026