Жаҳон | 23:39 / 18.05.2026
671
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск судда OpenAI раҳбари Сэм Алтманга ютқазди

Суд ҳайъати суд жараёнининг уч ҳафтаси давомида ички ёзишмаларни ўрганиб, томонларнинг кўрсатмаларини тинглади ва икки соатлик муҳокамадан сўнг ҳукм чиқарди.

Фото: Getty Imagеs

Шимолий Калифорния (АҚШ) федерал округ судида ҳакамлар ҳайъати миллиардер Илон Маскнинг OpenAI раҳбарияти, жумладан, унинг бош директори Сэм Алтманга қарши даъвосини рад этди. Бу ҳақда BBC News хабар берди.

Қарор бир овоздан қабул қилинди. Ҳакамлар ҳайъатининг таъкидлашича, Маск бундай ишлар учун даъво муддати ўтганидан кейин иш қўзғатган.

Суд ҳайъати суд жараёнининг уч ҳафтаси давомида ички ёзишмаларни ўрганиб, томонларнинг кўрсатмаларини тинглади ва икки соатлик муҳокамадан сўнг ҳукм чиқарди.

Якуний қарорни судья Ивонне Гонсалес Рожерс чиқаради, бироқ у аллақачон ўз қарори ҳакамлар ҳайъати қарорига мос келишини айтди.

«Ўйлайманки, ҳакамлар ҳайъатининг хулосасини тасдиқловчи етарли далиллар мавжуд, шунинг учун мен ишни зудлик билан тўхтатишга тайёрман», деди у.

Илон Маскнинг даъвосида айтилишича, у OpenAI нотижорат тадқиқот лойиҳасига 38 миллион долларга яқин сармоя киритган, компания бош директори Сэм Алтман ва компания президенти Грег Брокман эса дастлабки келишувларни бузиб, сунъий интеллект ишланмаларидан даромад олишга эътибор қаратган. Маск таъкидлаганидек, улар стартапни нотижорат ташкилот сифатида ривожлантириши ва жамият фаровонлиги йўлида сунъий интеллект бўйича тадқиқотлар олиб бориши керак эди.

Маск Алтман ва Брокманни OpenAI бошқарувидан четлатишни, компаниянинг тижорат бўлими фаолиятини тўхтатишни ва унга етказилган зарарни қоплашни талаб қилди, унинг ҳисоб-китобларига кўра, бу 150 миллиард долларга етиши мумкин. У бу маблағни OpenAI нотижорат бўлинмасига топширишга ваъда берган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид