Жаҳон | 22:54 / 24.05.2026
866
1 дақиқада ўқилади

Конгода Эбола эпидемияси сабабли авиақатновлар тўхтатилди

Эпидемия Конгонинг учта провинциясига тарқалиб улгурган, 91та тасдиқланган ва 867та тахминий касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 204та ўлим қайд этилган.

Фото: REUTERS

Конго Демократик Республикаси ҳукумати авиақатновларни тўхтатди, аммо бу Эбола вируси тарқалишига тўсқинлик қилмаяпти, деб хабар берди Bloomberg.

Мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши сабабли Конго транспорт вазирлиги эпидемия марказларидан бири бўлган Буниа шаҳрига барча авиақатновларни тўхтатди.

Бироқ вирус шарқий Конго ва қўшни мамлакатларга тарқалишда давом этмоқда.

Агентликнинг маълумотига кўра, эпидемия Конгонинг учта провинциясига тарқалиб улгурган. Оқибатда 91та тасдиқланган ва 867та тахминий касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 204та ўлим қайд этилган.

БМТ, шунингдек, қўшни Угандада бир киши ҳалок бўлгани ва яна бир киши касалланганини маълум қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқот бўлими раҳбари Вази Муртининг баёнотига кўра, Эбола эпидемиясини келтириб чиқарган Бундибугио штаммига қарши вакцина олти-тўққиз ойдан кейин тайёр бўлади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид