Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Классик колониализм” – Россия нега МДҲдаги тарих дарсликларини ўзгартирмоқчи?
Марказий Осиёдаги тарих дарсликларида ёзилган Россия минтақа халқларини босиб олиб, мустамлака қилганига оид тарихий ҳақиқат Москвада хушланмаяпти. Сиёсий таҳлилчиларга кўра, бу – классик колонизаторларга хос ёндашув. Қолаверса, мустабид тузумдан ажраб чиққан халқларнинг ўз тарихини англашдаги ютуқлари ҳозир РФ таркибида яшаётган турли миллатларда ҳам акс-садо бериши мумкин, деган қарашлар бор.
Душанба куни Москвада ўтган рус ва қирғиз тарихчилари учрашувида Россия томони Қирғизистондаги тарих дарсликларидан “Россия мустамлакаси” иборасини олиб ташлашни сўради.
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида бунга муносабат билдирган сиёсий таҳлилчилар тарихий ўтмишни манипуляция қилиш – классик колониализмга хос хусусият эканини урғулади.
— Россия нега собиқ империя сиёсатини “мустамлакачилик” эмас, “маъмурий бошқарув” сифатида кўрсатишга уринмоқда?
Камолиддин Раббимов: Россия тарихчилари Қирғизистондаги дарсликлардан “Россия мустамлакаси” иборасини олиб ташлашни сўради. 2025 йилда шунга ўхшаш ҳолат Тожикистонда ҳам кузатилган эди.
Россиялик айрим сиёсатчилар ва олимлар шундай фикр билдиришди: “Тожикистон бизнинг иттифоқчимиз, ўзаро алоқаларимиз жуда яхши. Мамлакатимизда миллионлаб тожикистонликлар меҳнат қилади ва ўз юртига миллиардлаб маблағ юборади. Шунга қарамай, Тожикистон мактаб дарсликларида бизни империя сифатида талқин қилади, яъни бизга нисбатан салбий баҳо беради”.
Савол туғилади: нега айнан Тожикистон ёки Қирғизистонга нисбатан бундай эътирозлар билдирилмоқда, аммо Қозоғистон ёки Ўзбекистонга нисбатан бундай муносабат кузатилмайди? Бу – маълум бир сиёсий технология. Яъни нисбатан таъсир ўтказиш осонроқ бўлган давлатлардан бошланиб, босқичма-босқич бошқа мамлакатларга ҳам сигнал бериш кўзда тутилмоқда. Гўёки бу жараён синов тариқасида амалга оширилмоқда.
Масалан, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Оловли йўллар” сериалини кўриш мумкин. Унда Чор Россияси империалистик ва босқинчи куч сифатида тасвирланади, совет ҳокимияти эса ўзини “озодлик келтирувчи” сифатида кўрсатади. Яъни бу ерда икки давр – Чор Россияси ва совет даври бир-биридан ажратиб талқин қилинади. Ҳозирги кунда эса Россия раҳбарияти бу икки даврни бир бутун тарихий жараён сифатида кўрсатишга уринмоқда. Яъни “иккаласини ҳам босқинчи деб атаманглар” деган сиёсий ёндашув илгари сурилмоқда.
Ҳолбуки, бу – тарихий жиҳатдан классик колониализмга хос ҳолатдир. Қизиғи шундаки, Россия бошқа давлатларни, масалан, Франция ёки Буюк Британияни мустамлакачиликда айблашни яхши кўради. Уларнинг Африкада, Осиёда ёки Лотин Америкасида олиб борган сиёсатини танқид қилади, аммо гап Россиянинг ўзига келганда, ўзини классик маънодаги колонизатор сифатида тан олишни рад этади.
Анвар Йўлдошев: Россиянинг бугунги кунда “мустамлакачи” деган таърифдан қочишга уриниши бир нечта геосиёсий, идеологик ва мафкуравий сабабларга эга. Аввало, “мустамлакачилик” атамаси салбий маънони англатади. У босиб олиш, бошқа ҳудудлар устидан ҳукмронлик ўрнатиш каби тушунчаларни ифодалайди. Шу боис бу ибора Россияни, айниқса Марказий Осиё давлатлари ва бошқа минтақаларда, салбий образда кўрсатади.
Табиийки, Россия бундай талқинни истамайди ва ундан қочишга ҳаракат қилади. Шу сабабли расмий ва ярим расмий доираларда “мустамлакачилик” ўрнига “маъмурий бошқарув” каби юмшоқроқ атамалардан фойдаланиш таклиф этилмоқда. Чунки Россия таркибида турли миллатлар яшайди ва агар “мустамлакачилик” тушунчаси очиқ тан олинса, РФ таркибидаги турли субъектларда “ҳозир биз ҳам мустамлакамиз” деган қарашлар кучайиши мумкин. Демак, бу ёндашув маълум даражада жамоатчилик фикрини шакллантиришга қаратилган.
Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
15:22 / 23.05.2026
🔴 LIVE: Эрон уранни бермоқчи эмас. Россия “мустамлака” сўзидан қутулмоқчи | "Геосиёсат"
12:44 / 23.05.2026
Ҳибсга олинганларнинг яқинлари, ҳатто қўшнилари ҳам тергов қилинган – ўзбекистонликларни қақшатган “Пахта иши”
21:29 / 21.05.2026
Европа “Толибон”дан нима хоҳлаяпти?
21:05 / 20.05.2026