Жаҳон | 09:37
1969
2 дақиқада ўқилади

НАТО саммити олдидан Украина бўйича баҳслар кучайди

Буюк Британия, Франция, Испания, Италия ва Канада НАТО бош котиби Марк Рюттенинг Украинага ҳарбий ёрдамни ошириш бўйича таклифини қўллаб-қувватламади. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Фото: Ludvig Thunman/BILDBYRÅN/picture alliance

Нашр маълумотига кўра, Марк Рютте НАТОга аъзо давлатлар ҳар йили ялпи ички маҳсулотининг 0,25 фоизини Украинага ҳарбий ёрдам сифатида ажратишини таклиф қилган.

У мазкур ташаббус 7–8 июль кунлари Анқарада ўтадиган НАТО саммитида маъқулланишига умид қилган. Бироқ альянс ичида етарли қўллаб-қувватлов бўлмагани сабабли режа амалга ошмаслиги айтилмоқда.

Манбаларга кўра, камида етти давлат бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Улар орасида Украинага ёрдам учун аллақачон ЯИМнинг 0,25 фоизидан ортиқ маблағ ажратаётган давлатлар ҳам бор.

Бироқ НАТО қарорларини қабул қилиш учун барча аъзо давлатларнинг якдил розилиги талаб этилади.

The Telegraph бу ҳолатни Буюк Британиянинг Украинага энг яқин иттифоқчилардан бири сифатидаги нуфузига навбатдаги зарба деб баҳолаган.

Аввалроқ Лондон ҳукумати Россия нефтидан қайта ишланган авиация ва дизель ёнилғисини учинчи давлатлар орқали харид қилишга вақтинчалик рухсат бергани учун танқидларга учраган эди.

Маълумотларга кўра, Нидерландия, Польша ҳамда Шимолий Европа ва Болтиқбўйи давлатлари Украинага ЯИМнинг 0,25 фоизи ёки ундан кўпроғини ажратмоқда.

Шу билан бирга, 22 май куни Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Украина президенти Володимир Зеленский билан урушни тўхтатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни муҳокама қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид