Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Эрон Ливиянинг куни бошига тушишидан қочяпти” — сиёсатшунос
2003 йилда Муаммар Қаззофий Ғарб билан муносабатларни яхшилаш ва санкциялардан қутулиш эвазига, Ливиянинг ядровий дастуридан воз кечган, бор ускуналар ва материалларни АҚШга топширган эди. Лекин кўп ўтмай, 2011 йилдаги ички инқироз вақтида Ғарб коалицияси Қаззофий режимини ҳарбий йўл билан ағдарди ва мамлакат пароканда бўлди. Сиёсатшуносларга кўра, ҳозир Эрон шу хатони такрорламасликка интилмоқда.
АҚШ ва Эрон ўзаро англашув меморандуми лойиҳасини келишиб олгани айтилмоқда. Келишув тасдиқланган тақдирда, ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилади ва музокараларнинг кейинги босқичига ўтилади, ундаги бош масала – Эрон ядро дастури бўлиши кутиляпти.
Томонлар ўртасидаги асосий зиддият нуқтаси айнан ядро дастури билан боғлиқ. Ўтган ҳафта Эрондаги манбалар бойитилган уран захирасини мамлакатдан олиб чиқиш олий раҳбар томонидан тақиқланганини хабар қилди. Сиёсий таҳлилчилар “Геосиёсат” дастурида мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Эрон 60 фоизга бойитилган уран захираларини Россия ёки АҚШга топширса, АҚШ кейинчалик Эроннинг ракета дастурини ҳам чеклашга уринмайдими?
Анвар Йўлдошев: 60 фоизгача бойитилган уран ҳали қурол даражасига етган ҳисобланмайди. У фақат 90 фоизга етказилгандагина ядро қуроли учун мос бўлади. Шахсан менимча, Эрон ўзининг бойитилган уранини ҳеч кимга бермайди. Чунки бу масала музокараларда Теҳроннинг асосий босим воситаси, яъни сиёсий дастаги ҳисобланади.
Агар Эрон ядро захираларини топширса, АҚШнинг талаблари шу билан тўхтаб қолмайди. Кейинги босқичда ракета дастуридан воз кечиш, дронлар ишлаб чиқаришни чеклаш ва прокси кучларга ёрдамни тўхтатиш каби қўшимча талаблар қўйилиши мумкин.
Эрон буни чуқур англаган ҳолда, ядро дастурини давом эттиради. Ҳатто бойитилган уранни суюлтириб, даражасини 60 фоиздан пасайтириш таклифлари ҳам амалда бажарилмайди. Чунки айнан шу омил Эроннинг музокаралардаги энг муҳим дастаги бўлиб қолмоқда ва у бундан воз кечмайди.
Камолиддин Раббимов: Эроннинг ядро ва бойитилган уран борасида стратегик иккиламчи ёндашуви мавжуд. Бир томондан, у барча давлатлар тинч мақсадларда атом энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлайди. Аслида бу фикр халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан ҳам тўғри. Бироқ халқаро экспертлар қайд этишича, ядро технологиялари икки хил мақсадда қўлланиши мумкин: тинчлик йўлида ҳам, ҳарбий йўналишда ҳам. Уранни маълум даражадан юқори бойитиш жараёнида бу икки йўналиш ўртасидаги чегара унчалик катта эмас. Натижада у жуда қисқа вақт ичида оммавий қирғин қуролига айланиши мумкин.
Мутахассислар фикрига кўра, 60 фоизгача бойитилган уран ҳам хавфли ҳисобланади. У асосида “ифлос бомба” деб аталувчи қурол тайёрлаш эҳтимоли мавжуд бўлиб, бундай қурилма қўлланса, кенг ҳудудни радиацион жиҳатдан зарарлаши мумкин. 90 фоиздан юқори бойитилган уран эса тўлақонли ядровий қурол яратиш имконини беради ва бу катта портловчи кучга эга оммавий қирғин воситасидир.
Шу билан бирга, Эрон ўз позициясида икки асосий нуқтага таянади: биринчидан, у “биз фақат тинч атом энергетикасини ривожлантирмоқдамиз, ядровий қурол яратиш ниятимиз йўқ”, деб баён қилади. Обама маъмурияти даврида бу борада муайян келишувга эришилган эди. Бироқ Доналд Трамп ҳокимиятга келгач, АҚШ бу келишувдан чиқди.
Умуман олганда, АҚШ сиёсий тизимидаги икки партиявийлик туфайли янги маъмурият кўпинча аввалгисининг ташаббусларини қайта кўриб чиқади ёки бекор қилади. Хусусан, Трамп Обама даврида қабул қилинган бир қатор ташаббусларни, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги “Obamacare” дастурини ҳам қисқартиришга ҳаракат қилди. Сиёсатшунослар, жумладан Фарид Закария, бундай ёндашув АҚШнинг ички сиёсий барқарорлигига ҳам, халқаро келишувлардаги ишончлилигига ҳам салбий таъсир кўрсатганини таъкидлайди.
Эрон: “Биз ядровий қуролга интилмаяпмиз, бироқ тинч атом дастуридан воз кечмаймиз”, деган позицияни илгари суриш билан, Муаммар Қаззофийнинг тақдирини такрорлашдан қочади. АҚШ ва Исроилнинг асосий талаби эса – Эроннинг қўлида оммавий қирғин қуроллари бўлмаслиги. Шундай ҳолатда Эроннинг ҳарбий салоҳияти кескин камаяди ва унинг мудофаа имкониятлари заифлашади.
Ракеталар масаласига келсак, Эрон бу борада ҳам ён беришга тайёр эмас ва афтидан, бу мавзу ҳозирги музокаралардан аллақачон чиқариб ташланган.
Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
21:07
Трамп Эроннинг бойитилган урани йўқ қилинишини айтди
18:59
АҚШ ва Эрон келишувга яқин. Воситачилар муҳокама қилаётган 5 муҳим масала тафсилотлари
14:54
Эронликлар узоқ шатдаундан кейин интернетга киришди. Буни улар қандай қарши олишди?
21:33 / 28.05.2026