Жамият | 22:22 / 30.05.2026
1611
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар круиз кемаларида ишлашга таклиф этилмоқда

Таклиф этилаётган иш ўринлари учун 900 доллардан 1650 долларгача ойлик маош белгиланган.

Фото: REUTERS

Дунёдаги йирик денгиз бошқарув компанияларидан бири — V.Ships Global Recruitment Ўзбекистон фуқаролари учун круиз кемаларида ишлаш бўйича вакансиялар эълон қилди.

Миграция агентлигининг билдиришича, таклиф этилаётган иш ўринлари учун 900 доллардан 1650 долларгача ойлик маош белгиланган.

Вакансиялар орасида хизмат кўрсатиш ёрдамчиси, бар официанти, иккинчи ошпаз, ошпаз ёрдамчиси ва ошхона ходими каби 45та иш ўрни мавжуд.

Таъкидланишича, ходимларнинг иш самарадорлигига қараб маош ва лавозимнинг ошиб бориши кафолатланган.

Номзодлар 18–45 ёш оралиғида бўлиши, инглиз тилини камида B1 даражасида билиши керак. Европа давлатлари тилларини биладиганларга устунлик берилиши мумкин.

Қайд этилишича, ишга қабул қилинганларга турли мамлакатларга саёҳат қилиш имконияти, АҚШ ишчи визаси ҳамда Миграция агентлиги иштирокида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида ҳуқуқий ҳимоя кафолатланади.

Ишга жойлашиш учун номзодлар компания сайтида ариза қолдириши керак. Маъқул келган номзодлар билан компания мутахассислари боғланади, суҳбатдан муваффақиятли ўтганлар интервюга таклиф этилади. Иш берувчи танлаган номзодлар билан уч томонлама шартнома тузилиб, АҚШ ишчи визаси расмийлаштирилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид