Таълим | 08:39
1818
2 дақиқада ўқилади

1 июндан хусусий университетлар абитуриентлар қабулини бошлайди

Бугун, 1 июнь санасидан Ўзбекистондаги нодавлат олий таълим муассасаларида 2026-2027 ўқув йили учун қабул жараёнлари старт олади. Қабул фақат давлат аккредитациясидан ўтган таълим дастурлари бўйича амалга оширилади.

Фото: Kun.uz

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, нодавлат олий таълим ташкилотларида талабалар қабули ҳар йили июнь–сентябрь ойлари давомида ўтказилади. Шу муносабат билан 1 июндан янги ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш бошланади.

Мавжуд тартибга кўра, махсус давлат аккредитациясидан ўтмаган таълим дастурлари бўйича талабаларни ўқишга қабул қилишга йўл қўйилмайди. Шу боис нодавлат олийгоҳлар фақат аккредитациядан ўтган таълим йўналишлари бўйича қабул ўтказиши мумкин.

Шунингдек, 2025 йил 1 августдан бошлаб ҳар бир нодавлат олий таълим муассасаси учун қабул параметрларининг энг юқори кўрсаткичи белгиланади. Қабул квоталари университетларнинг моддий-техник базаси, педагогик салоҳияти ҳамда ўқув-дастурий таъминотидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланади.

Аввалроқ республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишга қаратилган қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Унда нодавлат таълим ташкилотларида қабул жараёнларини йилда икки марта — 15 октябргача ва 15 февралгача амалга ошириш таклифи ҳам илгари сурилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид