Иқтисодиёт | 08:29
630
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Сурияга маҳсулот экспорт қилишни бошламоқчи

Ўзбекистон ва Сурия тадбиркорлари ўртасида ўтказилган онлайн музокаралар якунларига кўра, Сурияга 10 та юк машинаси ҳажмидаги ўзбек маҳсулотларининг биринчи партиясини экспорт қилиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Фото: Дунё

Ўзбекистон маҳсулотларини Сурия бозорига етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш масалаларига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Музокараларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, мамлакатнинг Ал-Кувайтдаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирок этди.

Учрашувда май ойида фаолиятини бошлаган Ўзбекистоннинг Ҳалаб шаҳридаги савдо уйи раҳбари, Kalash Trading Co., Ltd. компанияси директори Аҳмад Калаш ҳамда Ўзбекистоннинг Premier Electrotech, Sam-Ferre, Nassar Trading Agro, Metsol, Solis Oils ва Technologies of Real Time компаниялари вакиллари қатнашди.

Томонлар Сурия бозорида ўзбек маҳсулотларига бўлган талаб, логистика йўналишлари ҳамда Ҳалабдаги савдо уйи орқали маҳсулотларни тарғиб қилиш механизмларини муҳокама қилди.

Музокаралар якунида Сурияга маҳсулотларнинг биринчи экспорт партиясини жўнатиш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Режага кўра, 4 та юк машинасига маиший техника, яна 4 та юк машинасига ёғ-мой маҳсулотлари, қолган 2 та юк машинасига эса автомобиль эҳтиёт қисмлари ва мотор мойлари юкланади.

Мазкур келишув Ўзбекистон маҳсулотларининг Сурия бозорига кириб бориши ва икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид