Жамият | 12:12
1473
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда газ тармоғига улаш билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида газ тармоғига улаш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тезкор тадбир давомида улардан бири 1 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Фото: Телеграм / Department_uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Мирзо Улуғбектумангаз” бўлими ходимининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.

Терговга қадар текширув маълумотларига кўра, у фуқарога тегишли бинога газ тармоғини улаш учун гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали техник шартнома расмийлаштириб беришини айтган. Шунингдек, техник шартларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни ваъда қилиб, бу хизмат эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида мазкур маблағнинг бир қисми — 1 минг АҚШ доллари газ бўлими ходимининг топшириғига кўра фуқаро томонидан олинаётган вақтда у ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид