Ўзбекистон | 20:47
1514
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда трансформатор ёниб кетди

Тошкентнинг Олмазор туманидаги «Виставочная» подстанциясида трансформатор ёниб кетди. Ёнғин тезда ўчирилган, аммо авария оқибатида 6,2 минг хонадон, 807 та юридик истеъмолчи ва 18 та ижтимоий объектнинг электр таъминотида узилишлар юзага келди.

Фото: Видеодан кадр

1 июн куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги подстанцияда трансформатор ёниб кетди.

Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, соат 18:57 да тумандаги Кичик ҳалқа йўли кўчасида жойлашган подстанция ичида трансформатор ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 19:01 да етиб борган. Ёнғин соат 19:12 да қуршаб олиниб, соат 19:17 да тўлиқ ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ.

Шу билан бирга, Олмазор тумани ҳокимлиги «Виставочная» подстанциясида юзага келган авария сабабли айрим ҳудудларда электр энергияси таъминоти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.

Хусусан, «Қуёш», «Орзу», «Университет», «Зиё», «Замондош», «Алон», «Чустий», «Чиғатой Дарвоза» ва «Зиёкор» маҳаллаларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, авария оқибатида 6 минг 200 та хонадон, 807 та юридик истеъмолчи, 18 та ижтимоий соҳа объекти ҳамда талабалар турар жойлари электр таъминотидан вақтинча узилган.

Айни пайтда махсус бригадалар томонидан авария оқибатларини бартараф этиш ва электр таъминотини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид