Иқтисодиёт | 08:21
1441
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг икки йирик компанияси Ўзбекистон бозорига кириш ниятида

Цзясин шаҳрида ўтказилган музокаралар якунларига кўра, Хитойнинг қурилиш ва тўқимачилик соҳасида фаолият юритувчи икки йирик компанияси Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Фото: Дунё

Ўзбекистоннинг Шанҳайдаги Бош консулхонаси дипломатлари Хитойнинг Чжэцзян провинцияси Цзясин шаҳрида Zicheng United Construction Group Co., Ltd. ҳамда Jiaxing Houbang Import and Export Co., Ltd. компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар давомида хитойлик шерикларга Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, мамлакатнинг инфратузилмавий имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашув якунларига кўра, йирик муҳандислик-қурилиш компанияси ҳисобланган Zicheng United Construction Group раҳбари Жианг Гуохуа Ўзбекистонда компания филиалини очишга қизиқиш билдирди. Томонлар мазкур масалани муҳокама қилиш мақсадида унинг жорий йил июнь–июль ойларида мамлакатимизга ташрифини ташкил этишга келишиб олди.

Шунингдек, халқаро тўқимачилик ва тайёр тикувчилик маҳсулотлари савдосига ихтисослашган Jiaxing Houbang Import and Export компанияси раҳбари Сюй Вэй Ўзбекистонда енгил саноат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. У мамлакатимизда йирик тўқимачилик корхонасини барпо этиш имкониятларини ўрганишга тайёр эканини маълум қилди.

Томонлар компания раҳбарининг ҳам жорий йил давомида Ўзбекистонга амалий ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид