Спорт | 14:18
2104
4 дақиқада ўқилади

«Биринчи бўлимда кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдим» – Каннаваро

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Канадага қарши ўртоқлик ўйинидан кейинги матбуот анжуманида «хатоларни 10 кундан кейинги ўйинларда эмас, мана шундай ўртоқлик ўйинларида қилган яхшироқ» эканини таъкидлади. Шунингдек, Каннаваро об-ҳаво, ЖЧ гуруҳи ва Ҳусанов ҳақида фикрларини билдирди..

Фото: ЎФА

2 июн куни Ўзбекистон миллий жамоаси Канада билан ўртоқлик ўйини ўтказди (2:0). Ўйиндан сўнг жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро матбуот анжуманида ўйин, рақиб ва ЖЧ гуруҳи ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

У жамоасининг биринчи бўлимдаги ўйини ўзига маъқул бўлгани ҳақида гапирган:

Ҳар қандай учрашувларда албатта хатолар бўлади. Хатоларни 10 кундан кейинги ўйинларда эмас, айнан мана шундай ўртоқлик ўйинларида қилган яхшироқ. Футбол шундай. Биринчи бўлимда жамоамиз ихчам ва агрессив ўйнади. Иккинчи бўлимда эса тўп назоратини кўпроқ қўлга олишни хоҳладик. Аммо интенсивликни йўқотдик ва бир нечта хатоларга йўл қўйдик. Бундай ўйинларда хато қилсангиз, бунинг учун жазоланасиз.

Футболчиларимдан айнан биринчи бўлимдагидек интенсивликни кутгандим. Мен келганимдан бери юқори интенсивликда ўйнаш устида ишлаяпмиз. Осиё футболи билан халқаро футбол ўртасидаги фарқни яхши биламан. Бу осон эмас, аммо биринчи бўлимда жамоамда кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдим.

Италиялик мутахассис Канада футболи сўнгги йилларда кўтарилаётганини эътироф этган:

Мен Канада терма жамоасини анчадан бери кузатиб бораман. У ерда кўплаб дўстларим бор. Сўнгги уч-тўрт йил ичида жамоа сезиларли даражада ўсди. Футбол Канадада жуда оммалашди. Кўплаб дўстларим билан суҳбатлашдим. Бугун ҳам жуда иқтидорли футболчиларни кўрдим.

У шунингдек об-ҳаво омилига эътибор қаратган:

Юқори интенсивликда ўйнаганда жароҳатлар бўлиб туради. Ҳозирча жиддий нарса йўқ. Эртага ва индинга кўрамиз. Менимча, бугун ҳамма учун энг катта муаммо совуқ об-ҳаво бўлди. Шунга қарамай, кўплаб мухлислар стадионга келишди. Бундай қўллаб-қувватлаш остида ўйнаш биз учун жуда ёқимли бўлди.

Бундай стадионда ўйнаш имкониятига эга бўлсангиз, бундан завқланишингиз ва қадрлашингиз керак. Бизни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлисларга раҳмат айтишимиз керак. Бугун бу совуқ ҳавода стадионга келиш осон бўлмади.

Жаҳон чемпионатидаги гуруҳ ҳақида:

Португалия, Колумбия ва Конго жуда кучли жамоалар. Улардан иккитаси дунёнинг энг кучли терма жамоалари қаторига киради. Улар билан ўйнаш жуда қийин бўлишини биламиз. Аммо футболчиларимга ҳам айтдим: бизда йўқотадиган ҳеч нарса йўқ. Бу мамлакатимиз тарихидаги илк Жаҳон чемпионати. Шунинг учун уларга фақат битта нарсани айтаман – бундан завқланинг. Жаҳон чемпионатида ўйнаш имконияти ҳар доим ҳам насиб этавермайди.

Ҳусанов ҳақида:

Ҳусанов – жуда яхши футболчи. У ҳали янада ривожланиши мумкин, чунки унинг салоҳияти жуда катта. Баъзан ҳаддан ташқари агрессив бўлиб кетади, ҳозир эса вазиятларни яхшироқ ўқишни ўрганиши керак. Аммо ҳимоячи сифатида у жуда ҳам яхши футболчи.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ЖЧга тайёргарлик доирасида 8 июн куни Ню Йоркда Нидерландияга қарши яна бир ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. 17 июн куни эса (Тошкент вақти билан 18 июн куни соат 8:00 да) ЖЧдаги дастлабки учрашувини Мехикода Колумбияга қарши ўтказади. Гуруҳдаги навбатдаги рақиблар Португалия (23 июн) ва Конго ДР (28 июн) жамоалари бўлади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид