Ўзбекистон | 17:44
569
2 дақиқада ўқилади

Эбола вирусининг Ўзбекистонда тарқалиш хавфи паст — Санэпидқўмита

Санэпидқўмита Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлигини маълум қилди ва Эбола вируси тарқалган мамлакатлар ва минтақаларга саёҳат қилмасликни тавсия этди.

Фото: David McNew / Getty Images

Эбола вируси инфекцияси жиддий касаллик бўлса-да, Ўзбекистонда тарқалиш хавфи паст, деб хабар берди Санитария-эпидемиология қўмитаси.

Қайд қилинишича, вирус Африка қитъасида тез-тез учрайди ва инсонга касал ҳайвонларнинг қон, нажас, сийдик, тер, сўлаги ва бошқа тана суюқликлари орқали юқиши мумкин. Эбола вируси инфекциясини даволашнинг ўзига хос усули йўқ, инфекцияланган одамларни даволаш симптоматик терапия билан амалга оширилади.

Таъкидланишича, жорий йилда Африкада Эбола билан касалланиш бўйича 263 та тасдиқланган ҳолат қайд этилган. Конго Демократик Республикаси эпидемия маркази ҳисобланмоқда. Бироқ, ЖССТ Эбола глобал пандемия чақириш эҳтимоли паст деб баҳоламоқда.

Хабарга кўра, касалликни Ўзбекистонга кириб келишини олдини олиш мақсадида, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутахассислари томонидан давлат чегараларида тиббий кузатув олиб борилмоқда.

Санэпидқўмита Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлигини маълум қилди ва Эбола вируси фаол тарқалган мамлакатлар ва минтақаларга саёҳат қилмасликни сўради.

Шу билан бирга, қуйидаги эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилди:

  • ёввойи ҳайвонлар билан алоқа қилишдан сақланиш: приматлар (маймунлар, шимпанзелар) ва кўршапалаклар яшайдиган жойларга бормаслик;

  • экзотик таомлардан сақланиш: ёввойи ҳайвонларнинг гўшти ёки хом овқатларни емаслик;

  • касал одамлардан – нафас олиш йўлларида шамоллаш аломатлари, иситма, тошма ёки қон кетиш белгилари бўлган одамлардан хавфсиз масофани сақлаш;

  • қўлларни иложи борича тез-тез совун билан ювиш ёки дезинфекцияловчи воситадан фойдаланиш;

  • фақат қадоқланган ёки қайнатилган сув ичиш;

  • эндемик ҳудуддан қайтгандан кейин 21 кун давомида соғлиқни диққат билан кузатиш (бу стандарт инкубация даври);

  • агар иситма, ҳолсизлик, қусиш ёки диарея пайдо бўлса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш;

  • агар яқинда эпидемия хавфи бор ҳудудга саёҳат қилган бўлсангиз, шифокорга хабар бериш.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид