Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Линколндан Трампгача: суиқасдга учраган АҚШ президентлари
АҚШда президент хавфсизлиги ҳар доим юқори даражада таъминланади. Бироқ ана шундай вазиятда ҳам Қўшма Штатлар раҳбарларига кўп марта суиқасд уюштирилган. Оқибатда уларнинг бир неча нафари ҳалок бўлган. Яна тўрт нафари ярадор бўлган ва тирик қолган.
2026 йил 25 апрел куни Вашингтондаги Washington Hilton меҳмонхонасида Оқ уй мухбирлари ва Доналд Трамп иштирокидаги тадбир чоғида отишма рўй берди. Ҳодисада АҚШ президентига ҳеч нарса қилмади ва уни қўриқлаётган махфий хизмат ходими яраланди.
Маҳаллий вақт билан 20:36 да махфий хизматнинг меҳмонхона ҳоллида ўрнатилган назорат-ўтказиш пунктига қуролланган шахс бостириб кириб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан отишмага киришади. Уни тезда ерга ётқизиб, қўлига кишан тақишади.
Отишма чиққан пайтда Трамп, унинг маъмурияти вакиллари ҳамда журналистлар конференц-залда ўтирганди. Махфий хизмат ходимлари дарҳол президент ва унинг рафиқасини олиб кетади. Қолганлар стол остига яширинади.
Айримлар бўлиб ўтган ҳодисани Трампга суиқасд деб ҳисобламоқда. Ҳужум қилган қилган шахс, 31 ёшли Коул Аллен дастлабки сўроқда Трампни эмас, унинг маъмурияти вакилларини нишонга олганини айтган.
Балки Аллен тўғри айтаётгандир, Трамп унинг нишони бўлмагандир. Бироқ Вашингтон суди отишма содир этган шахсга нисбатан президентга суиқасд айбловини қўйди.
Трампга аввалроқ, аниқроғи 2024 йил 13 июлда ҳам суиқасд уюштирилганди. Ўшанда ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилаётганда унга 20 ёшли Томас Крукс милтиқдан бир неча марта ўқ узади.
Ўқларнинг бири Трампнинг қулоғини бироз яралайди. Бошқа бир ўқ 50 ёшли шахснинг ўлимига сабаб бўлади. Воқеалар ривожида Трампга суиқасд уюштирган Томас Круксни АҚШ махфий хизмати мергани отиб ўлдиради.
Тўғри, ўша пайтда Трамп АҚШ раҳбари эмас, президентликка номзод эди. Шу сабабли бу ҳодиса солномаларга АҚШ президентлигига номзод бўлган шахсга нисбатан содир этилган суиқасд деб ёзилади.
Бироқ тарихда АҚШ президентларига бир неча марта суиқасдлар уюштирилган. Оқибатда уларнинг айримлари ҳалок бўлган, бошқалари яраланган. Ҳозир улар ҳақида гаплашамиз.
Суиқасд оқибатида ҳалок бўлган АҚШ президентлари
Авраам Линколн
1860 йилда АҚШда ўтказилган президентлик сайлови бироз можароли тарзда ўтади ва унда ўз олдига АҚШда қулдорликка барҳам беришни мақсад қилган Авраам Линколн ғалаба қозонади.
1860 йил охири ва 1861 йил бошларида мамлакат жанубида жойлашган штатлар президентлик сайловини тан олмаслигини ва АҚШ таркибидан чиққанини эълон қилади.
1861 йил 4 феврал куни улар Америка Конфедератив Штатлари (АКШ) тузилганини эълон қилади. Тезда унинг Конгресси ташкил этилади. Апрел ва май ойларида яна бир қанча штатлар АҚШ таркибидан чиққанини ва АКШ таркибига қўшилганини эълон қилади.
Янги давлатга Дэвис Жефферсон президент бўлади. Виржиния штати маъмурий маркази Ричмонд шаҳри пойтахт сифатида танланади. Кўп ўтмай 1861 йил 12 апрел куни Шимол ва Жануб ўртасида фуқаролар уруши бошланади.
Уруш тўрт йил-у бир ой давом этади ва 1865 йил май ойида Жанубнинг мағлубияти билан тугайди. Уруш тугашидан бир ярим ойча аввал Авраам Линколнга суиқасд уюштирилади.
Унгача Линколн 1864 йил ноябрда ўтказилган президентлик сайловида Демократлар вакили Жорж Макклелланни мағлуб этиб, иккинчи муддатга президент бўлганди.
1865 йил 14 апрел куни жанубликлар тарафдори бўлган актёр Жон Бут спектакл намойиши вақтида президент ложасида ўтирган Линколнга қарата ўқ узади. Оғир яраланган президент 15 апрел куни ҳалок бўлади.
Ҳодисадан сўнг яширинган Жон Бут 12 кундан сўнг Виржиния штатидаги омборхонадан топилади. Шу ерда у АҚШ армияси сержанти томонидан отиб ўлдирилади.
Жеймс Гарфилд
Жеймс Гарфилд АҚШнинг 20-президенти ҳисобланади. Республикачилар вакили бўлган Гарфилд 1880 йил 2 ноябрда ўтказилган президентлик сайловида Демократлар вакили Уинфилд Ҳэнкокни бор-йўғи 1 фоиз ошиқча овоз билан енгиб чиқади.
Гарфилд 1881 йил 4 май куни қасамёд қабул қилади ва АҚШни бошқара бошлайди. У 1881 йил 2 июл куни Вашингтон шаҳридаги Балтимор–Потамак темирйўл бекатида турганида адвокат бўлиб ишловчи Шарл Гито Гарфилдга икки марта ўқ узади.
Ярадор бўлган президентни дарҳол шифохонага олиб боришади. Ўқ унча чуқурга санчилмагани учун улар ички аъзоларга зиён етказмаган эди.
Бироқ шифокорлар ўқларни чиқариб ололмайди. Бунинг устига Гарфилднинг танасига инфекция юқтиришади. Оқибатда қарийб икки ойдан сўнг – 1881 йил 19 сентябр куни президент вафот этади.
Ўшанда шифокорлар унча маҳоратли бўлмаганми ёки улар Гарфилдга инфекцияни қасддан юқтирганми, бу номаълумлигича қолади.
Адвокатлар судда президентга суиқасд уюштирган Шарл Гитони ақли заиф деб топишни сўрашади. Судя бу сўровни рад этади ва унга ўлим жазосини тайинлайди.
Уилям Мак Кинли
Уилям Мак-Кинли 1896 йил кузда ўтказилган сайловда ғалаба қозонади ва АҚШнинг 25-президентига айланади. У тўрт йил мамлакатни бошқаргач, 1900 йилда навбатдаги сайловга ҳам ўз номзодини қўяди ва яна ғалаба қозонади.
Мак-Кинли иккинчи муддат учун президентликка киришгач, беш ойдан сўнг – 1901 йилнинг сентябрида Панамерика кўргазмасида қатнашиш учун Буфалло шаҳрига боради.
6 сентябр куни президент кўргазмада қатнашаётган пайтида унга иккита ўқ узишади. Ўқнинг бири президентнинг тўғноғичига тегади, иккинчиси унинг қорнига санчилади ва яралайди.
Шифокорлар президентнинг ички аъзосига қадалган ўқни чиқариб олишади. Унинг аҳволи бир оз яхшиланади. Бироқ 13 сентябр куни Мак-Кинлининг аҳволи оғирлашади ва 14 сентябр куни у вафот этади.
Орадан бир ярим ой ўтиб президентга ўқ узган Леон Чолгош электр стул ёрдамида қатл этилади.
Ўша пайтда Теодор Рузвелт вице-президент эди ва Мак-Кинли вафотидан сўнг у президентга айланади. Айтганча, машҳур олим Томас Эдисон 1901 йилда Мак-Кинлининг қасамёд маросимини тасвирга олган.
Жон Кеннеди
Жон Кеннеди АҚШнинг 35-президенти ҳисобланади. У 1960 йил кузда ўтказилган сайловда республикачилар вакили Ричард Никсонни ортда қолдиради ва 43 ёшида Америка тарихида энг ёш президент бўлган шахсга айланади.
1963 йил 22 ноябр куни Кеннеди Даллас шаҳридаги кўчада усти очиқ лимузинда кетаётганида номаълум шахс унга ўқ узади. Оқибатда президент яраланади ва шифохонада вафот этади.
Ўшанда Ли Харви Освалд исм-шарифли йигит қотилликда гумонланиб ушланади. Бироқ кўп ўтмай уни ҳам ўлдиришади. Шу тариқа, Кеннедини ўлдиришни ким буюртма қилгани мавҳумлигича қолади.
Кейинчалик президентнинг ўлимида бир қатор шахслар гумондор бўлган ва улар орасида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) раҳбари, ушбу ташкилотни 48 йил бошқарган Эдгар Ҳувер ҳам бор эди.
Шунингдек, Кеннедининг ўлимида КГБ, МРБ, АҚШ ҳарбий-саноат комплекси каби ташкилотлар, Кеннеди маъмуриятида вице-президент бўлган Линдон Жонсон, миллиардер Аристотел Онассис каби шахслар, кубаликлар ва айрим жиноий тўдалар гумондор бўлган. Бироқ юқоридагиларнинг бирортаси маҳкамага тортилмаган.
Суиқасдга учраб тирик қолганлар
Теодор Рузвелт
1901 йил 6 сентябрда АҚШнинг 25-президенти Уилям Мак-Кинлига Буффало шаҳрида суиқасд уюштирилади. Оғир яраланган президент 14 сентябр куни вафот этади. Шундан сўнг ўша пайтда вице-президент лавозимида ишлаган Теодор Рузвелт АҚШ президентига айланади.
1904 йил ноябрда ўтказилган сайловда ғалаба қозонган Теодор Рузвелт 1909 йил 4 мартгача Қўшма Штатлар президенти бўлиб қолади.
Теодор Рузвелтга икки марта суиқасд уюштирилган. Унинг биринчиси 1912 йил 14 октябр куни юз берган. Ўша куни у Висконсин штатидаги Милуоки шаҳрида ўз сайловолди дастурида митинг ўтказаётган пайтда Жон Шрэнк исм-шарифли шахс унга ўқ узади.
Ўшанда Теодор бахтли тасодиф туфайли яраланмайди. Ўқ тўғри унинг кўкрагига боради ва аввал чўнтагидаги кўзойнак ғилофини, сўнг ўша жойда бўлган 50 варақли қўлёзмани тешиб ўтади ва танага санчилади. Теодор шу ҳолда 90 дақиқа нутқ сўзлашда давом этади.
Танасидан оққан қон туфайли унинг кўйлаги қизилга бўялгач, Теодор митингда қатнашаётган одамларга қарата “Жаноблар ва хонимлар, мени тушунасизларми-йўқми, билмадим-у, аммо ҳозиргина менга ўқ узишди. Бироқ буғуни (Буғу Рузвелт аъзо бўлган Тараққиёт партияси рамзи ҳисобланган) осонликча ўлдира олмайсиз”, дейди.
Ўшанда ўқ ички аъзоларга зиён етказмагани аниқланади ва Теодор уни олиб ташлашдан бош тортади. Ўқ умрбод унинг танасида қолади. Жон Шрэнкни сўроқ қилишганда у президент Уилям Мак-Кинлининг руҳи Теодорни ўлдиришни буюрганини айтади.
1916 йилда Теодор Рузвелтга иккинчи марта суиқасд уюштирилади. Канзас Ситида усти очиқ машинада кетаётган Теодорга номаълум шахс пичоқ улоқтиради ва одамлар орасига яширинади. Пичоқ собиқ президентга тегмайди. Полиция ҳужум қилган шахсни топа олмайди.
Франклин Рузвелт
Франклин Рузвелт АҚШнинг 32-президенти ҳисобланади ва у тўрт марта президент этиб сайланган. Бошқа биронта президентда бундай кўрсаткич йўқ.
Франклинга ҳам бир марта суиқасд уюштирилган. Ўшанда у АҚШ президенти этиб сайланган, бироқ ҳали вазифасига киришмаганди.
1933 йил 15 февралда Франклин Майамида бўлиб турган вақтида келиб чиқиши италиялик бўлган Жузеппе Дзангара исмли шахс унга қарата ўқ узади. Шунда ўқ Франклинга эмас, унинг ёнида бўлган одамларга тегади.
Оқибатда ўша жойда бир киши ҳалок бўлади. Чикаго шаҳри мэри Антон Чермак ва яна уч киши яраланди. Жароҳати анча оғир бўлган Чермак уч ҳафтадан сўнг ҳалок бўлади.
Жералд Форд
1974 йил 9 август куни Ричард Никсон “Уотергейт” иши туфайли истеъфога чиқади. Ўшанда унга импичмент хавф солганди. Никсоннинг ўрнига унинг маъмуриятида вице-президент вазифасини бажарган Жералд Форд АҚШ президенти бўлади.
1976 йил 2 ноябрда ўтказилган навбатдаги сайловда Жералд Форд Жимми Картерга ютқазади ва 1977 йил 20 январда Оқ уйни унга бўшатиб беради.
Жералд Фордга 1975 йилда икки марта суиқасд уюштирилади. Калифорния штатидаги Сакраменто шаҳрида юрганида Линетт Фром исм-шарифли аёл унга қарата тўппонча ўқлайди. Шу пайтда махфий хизмат ходимлари уни тутиб олади ва аёл тепкини босишга улгурмайди.
Иккинчи суиқасд 1975 йил 2 сентябр куни Сан-Францискода юз беради. Шу жойда Сара Мур исмли аёл Жералд Фордга тўппончадан ўқ узади. Ўқ ноаниқ кетади ва денгиз пиёда аскари аёлни қуролсизлантиради. Шундан сўнг Жералд Форд омма олдига чиқишда ўқ ўтказмайдиган нимча кия бошлайди.
Роналд Рейган
Юқорида Трамп билан боғлиқ нохуш ҳодиса Washington Hilton меҳмонхонасида содир бўлганини айтдик. АҚШ президентлари турли тадбирлар ўтказиб туриш учун бу меҳмонхонадан тез-тез фойдаланиб туради.
1981 йил 30 март куни айнан шу меҳмонхонада АҚШнинг 40-президенти Роналд Рейганга ҳам суиқасд уюштирилганди.
Ўшанда президент меҳмонхонадан чиқиб ўз лимузинига бораётганида номаълум шахс унга қарата тўппончадан олти марта ўқ узади.
Оқибатда Рейган қўлтиқ қисмидан енгил жароҳатланади, қовурғаси синади ва 12 кун шифохонада даволанади. Ўша ҳужумда яна уч киши яраланади. Жумладан, Рейганнинг матбуот котиби Жеймс Брейди миясидан оғир жароҳат олади.
Рейганга қарата ўқ узган шахс тезда ушланади, у 25 ёшли Жон Ҳинкли экани маълум бўлади. Сўроқ пайтида йигит ўз хатти-ҳаракатларини актриса Жоди Фостерга ёқишга уриниш билан изоҳлайди.
Бир неча босқичли тиббий текширувлардан сўнг Жон Ҳинкли руҳий касал деб топилади ва 1982 йил июнда суд ундан айбловларни олиб ташлайди. Йигит мажбурий тарзда руҳий касалликлар шифохонасига жўнатилади ва 2016 йилга келиб озод қилинади.
Кичик Жорж Буш
АҚШнинг 43-президенти ҳисобланувчи Кичик Жорж Буш бу мамлакатни 2001-2009 йиллар оралиғида бошқарган. У 2005 йил 10 май куни Гуржистон пойтахти Тбилиси шаҳрида бўлиб турганида номаълум шахс Буш ва Михаил Саакашвили ўтирган томонга граната улоқтиради.
Ўша граната жанговар бўлган, бироқ у портламайди. Уни улоқтирган шахс одамлар орасига яширинади. Гуржистон полицияси қидирув эълон қилади ва кўп ўтмай гумондор ушланади.
Ўшанда исм-шарифи Владимир Арутюнян бўлган шахсни ушлашда Полша телеканали операторининг воқеа жойидан тасвирга олган кадрлари ёрдам беради. Гуржистон суди Владимир Арутюнянга умрбод қамоқ жазоси тайинлайди.