Жаҳон | 08:59 / 02.06.2026
1632
2 дақиқада ўқилади

Трамп Теҳрон билан музокаралар тўхтатилганини рад этди

АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг Вашингтон билан музокаралар тўхтатилгани ҳақидаги баёнотларини рад этди. Унинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги мулоқотлар ҳозир ҳам фаол давом этмоқда.

Фото: Samuel Corum/CNP/ZUMA/IMAGO

Трамп 1 июнь куни Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Эрон Ислом Республикаси билан музокаралар тез суръатларда давом этмоқда”, деб ёзди.

NBC News телеканали ва бошқа оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида АҚШ раҳбари эронликлар Вашингтонни музокараларни тўхтатиш ҳақида расман хабардор қилмаганини айтди.

“Ростини айтсам, биз жуда кўп гапирдик. Балки сукут сақлаш яхшироқ ечим бўларди”, деди Трамп.

Унинг сўзларига кўра, ҳатто музокаралар тўхтатилган тақдирда ҳам бу АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашини англатмайди. Бироқ Ҳўрмуз бўғозидаги Эрон портларига нисбатан жорий этилган чекловлар сақланиб қолишини таъкидлади.

Бундан аввал Эроннинг Tasnim агентлиги АҚШ билан билвосита музокаралар тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди. Нашрга кўра, Эрон томони америкаликлар билан хабар алмашишни вақтинча тўхтатган.

Хабарда бу қарор Исроилнинг Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” объектларига берган зарбалари билан боғлиқ экани таъкидланган.

Май ойи охирида Axios нашри икки америкалик манбага таяниб, АҚШ ва Эрон музокарачилари февраль ойидан бери давом этаётган можарони тартибга солиш бўйича дастлабки келишувга яқинлашганини маълум қилган эди.

Шу билан бирга, Трамп ҳозирча эҳтимолий келишувни қўллаб-қувватламаган. ОАВ маълумотларига кўра, у Теҳрон ядровий қурол яратиш режаларидан воз кечган тақдирдагина битимни маъқуллаши мумкин.

Эрон раҳбарияти ҳам АҚШ билан урушни тўхтатиш бўйича якуний келишувга ҳали эришилмаганини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид