Жамият | 08:26
771
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда йирик миқдордаги гашиш ва «Регапен» мусодара қилинди

Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида 2 килограммдан ортиқ гашиш ҳамда 5600 дона кучли таъсир қилувчи «Регапен» дори воситаси аниқланди. Уларни сотишни режалаштирган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси ҳамда контрабандасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Қўқон шаҳрида ҳаракатланаётган «Дамас» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Автомашина Фарғона туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро томонидан бошқарилаётган бўлган.

Текширув жараёнида транспорт воситаси салонидан 2 килограмм 40 грамм гашиш моддаси ҳамда 5600 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширувда аниқланишича, мазкур шахс ушбу гиёҳвандлик воситаларини Қирғиз Республикасидаги жиноий шеригидан олиб, Қўқон шаҳрида сотишни режалаштирган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 246-, 251-1 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Суд қарори билан унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган.

Мутасаддилар фуқароларни гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид