Ўзбекистон | 19:57 / 03.06.2026
2289
5 дақиқада ўқилади

Шўртан ГКМ бўйича йирик коррупция ва фожиали тунги пойга — маҳаллий дайжест

Шўртан Газ-кимё мажмуасини кенгайтириш доирасида 643 млрд сўм талон-торож қилинди. Маданият, санъат ва адабиёт соҳаси учун кенг кўламли имтиёзлар эълон қилинди. Тошкентдаги барча қурилиш объектлари учун янги талаблар жорий этилади. Сурхондарёдаги тунги пойга фожиа билан якунланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Маданият, санъат ва адабиёт соҳаси учун кенг кўламли имтиёзлар эълон қилинди

Президент «Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонда театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат ҳамда адабиёт каби йўналишларда ижодий бирлашмалар фаолиятини йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш; шоир ва ёзувчилар томонидан ҳар йили камида 50 та энг сара асарлар яратилишини, миллий адабиётнинг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилинишини таъминлаш; ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, жумладан, ҳар йили 1 минг нафар ижодкорни уй-жой билан таъминлаш, 3 минг нафарини бепул даволаш; нодавлат театр ва театр-студиялар сонини 2028 йилда 50 тага етказиб, театр соҳасида хусусий сектор иштирокини 25 фоизга ошириш каби мақсадлар белгиланган.

Фармонга кўра, «Ижодга инвестиция» давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади. Жамғармага 2026 йил 1 июлга қадар республика бюджети ҳисобидан 200 миллиард сўм ажратилади ҳамда 2027 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларида ҳар йили камида 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши назарда тутилади.

Шўртан Газ-кимё мажмуасини кенгайтириш доирасида 643 млрд сўм талон-торож қилинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабарига кўра, Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва яна тўртта корхона масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, Шўртан Газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш бўйича берилган 5,3 трлн сўмлик хизматлар ҚҚСдан озод этилган бўлса-да, ҚҚС суммасини электрон ҳисоб-фактураларга ноқонуний киритган.

Оқибатда, бюджетда асоссиз равишда ҚҚС маблағини ҳосил қилиб, ушбу маблағнинг қайтарилишига эришиб, 643,2 млрд сўмни ўзлаштирган ва растрата йўли билан талон-торож қилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тошкентдаги барча қурилиш объектлари учун янги талаблар жорий этилади

Тошкент шаҳар ҳокимининг «Ахборот, ҳисобот, мулоқот» шаклидаги учрашуви доирасида қурилиш объектларида экологик нормаларни жорий этиш ва майдонларни ягона тартиб асосида ташкил этишга қаратилган янги лойиҳа тақдим этилди.

Лойиҳага кўра, қурилиш объектлари ташқи томондан махсус тўсиқлар билан ўралади. Шунингдек, объект паспорти ўрнатилиб, унда қурилиш ҳақидаги барча зарур маълумотлар жойлаштирилади. Пиёдалар хавфсизлиги учун ҳимоя соябонлари ташкил этиш ҳам мажбурий талаблардан бири бўлади. Қурилиш майдонлари атрофида микроиқлим яратиш тизимлари, сув пуркагич ва дозаторлар ўрнатиш режалаштирилган. Бу чоралар ҳавога тарқаладиган чанг миқдорини камайтиришга хизмат қилади.

Қурилиш жараёнларини доимий кузатиб бориш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилади ва улар Қурилиш назорати инспекциясининг ягона тизимига интеграция қилинади.

Сурхондарёдаги тунги пойга фожиа билан якунланди

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 17 ва 20 ёшли йигитлар Damas ва Nexia автомобилларида тунги вақтда пойга ўйнаб, автоҳалокатга учради. Оқибатда икки киши: ўсмир йигит ва бир йўловчи ҳалок бўлди.

ИИВ ЙҲХХ хабарига кўра, Damas’ни 2009 йилда туғилган, ҳали ҳайдовчилик ёшига етмаган йигит бошқарган. Автомобилда ундан ташқари яна 4 нафар тенгқури ҳам бўлган. Nexia рулидаги шахс эса уларнинг таниши – 2006 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ эркак бўлган.

Иккала машина кимўзарга ўйнаб, бир йўналишда ҳаракатланаётган пайтда ҳалокатга учраган. Оқибатда Damas’нинг 17 яшар ҳайдовчиси ва Nexia’даги йўловчи вафот этган. Қолганлар турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид