Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Китобхон ёшлар учун 50 минг доллар ва меъёрдан иссиқ июнь — маҳаллий дайжест
Мактаб ўқувчилари ўртасидаги миллий китобхонлик ҳаракати танловида 50 минг АҚШ долларигача бўлган пул мукофотлари жорий этилди. Июнда ҳарорат меъёрдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда. Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланиш чоралари белгиланди. Тошкентда солиқ ходимлари пора билан қўлга тушди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Китобхон ёшлар учун 50 минг долларлик мукофот жорий этилди
Мактаб ўқувчилари ўртасида миллий китобхонлик ҳаракати йўлга қўйилиб, ғолиблар учун 50 минг АҚШ долларигача бўлган пул мукофотлари жорий этилди. Бу президентнинг «Ёшлар орасида китобхонлик дастурини кенг жорий этиш ва уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармойишида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида миллий китобхонлик ҳаракати ўтказилади.
Дастур уч босқичда ташкил этилади — биринчи босқич kitobxonlikharakati.uz электрон платформаси орқали онлайн тарзда, иккинчи ва учинчи босқичлар вилоят ҳамда республика даражасида офлайн форматда. Биринчи ўрин соҳиблари 50 минг АҚШ доллари, иккинчи ўрин соҳиблари 30 минг доллар, учинчи ўрин соҳиблари эса 15 минг доллар миқдорида мукофот олади.
Июнда ҳарорат меъёрдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда
2026 йилги июн ойи беқарор ва ўртача илиқ об-ҳаво билан бошланади, деб хабар берди Ўзгидромет.
1–3 июн кунлари республиканинг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучаяди. Ҳарорат асосан кечалари +15…+20 даража, кундуз кунлари +30…+35 даража бўлади.
Кейинчалик ой охиригача ҳарорат асосан кечалари +18…+23 даража, кундуз кунлари +29…+34 даражадан +34…+39 даражагача ўзгариб туради, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда айрим кунларда +40…+42 даражагача бўлади. Ойнинг биринчи ярмида айрим кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Бу йил ёзнинг ўртача ҳарорати меъёрдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда. Ёз ўрталарида энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +42…+44 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +45…+47 даражагача кўтарилиши мумкин.
Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланиш чоралари белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда сел-тошқин сувларидан фойдаланиш масаласи кўриб чиқилди. Мамлакатда сел хавфи мавжуд 60 та йирик сой орқали йилига 690 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетмоқда. Ундан самарали фойдаланиш орқали 13 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, сув таъминотини яхшилаш ва балиқчиликни ривожлантириш имконияти борлиги таъкидланди.
Шу боис сел сувларини бошқаришда фақат тўғон қуриш билан чекланмасдан, интеграл ёндашувни ҳам жорий этиш зарурлиги қайд этилди. Бунда сел хавфини камайтириш, сувни тўплаш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, балиқчилик, туризм ва хизматлар соҳаси билан боғлиқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш назарда тутилади.
Давлат раҳбари томонидан мутасаддиларга сув инфратузилмасини иқтисодий фаоллик манбаига айлантириш, сел-тошқин хавфларини камайтириш, сув захираларидан самарали фойдаланиш ва мазкур йўналишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш юзасидан қатор топшириқлар берилди.
Тошкентда солиқ ходимлари пора билан қўлга тушди
Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши кураш доирасида ўтказилган тезкор тадбирда солиқ инспекцияси ходимларининг пора олиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.
Тезкор тадбирда Бектемир тумани солиқ инспекциясининг шуъба бошлиғи қўлга олинди. Маълум бўлишича, у маҳаллий тадбиркорга тегишли дўконда харидорга савдо чеки берилмагани ҳақида келиб тушган мурожаат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва ишни судга оширмаслик эвазига 4 миллион сўм пора талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида мазкур пул маблағи солиқ инспекцияси инспектори орқали олинган вақтда ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
18:37 / 25.05.2026
Мактабларда сўнгги қўнғироқ ва гуллар фестивалидаги рекорд — маҳаллий дайжест
18:35 / 22.05.2026
Ҳайитда саховат ишлари ва 500 минг сўмлик фейк банкнота – маҳаллий дайжест
19:38 / 21.05.2026
Қўриқлаш хизматига янги ваколатлар ва эрини урган аёлнинг жазоланиши – маҳаллий дайжест
19:45 / 20.05.2026