Ўзбекистон | 20:45
1018
4 дақиқада ўқилади

Андижонда ўмарилган солиқ кешбэки ва жангга шай 26 «оқ бўри» – маҳаллий дайжест

Андижонда бир гуруҳ шахслар томонидан 35 млрд сўмлик солиқ кешбэки ўмарилди. Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2026 учун 26 футболчидан иборат якуний таркиби эълон қилинди. «Навоийазот» ҳузурида 1 млрд долларлик янги кимё лойиҳалари амалга оширилади. Антикоррупция агентлиги ҳуқуқ органи ходимининг пора олишни рад этгани учун мукофотланишини нотўғри деб ҳисоблади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

«Навоийазот» ҳузурида 1 млрд долларлик янги кимё лойиҳалари амалга оширилади

Навоий вилоятида кимё саноатида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 1 миллиард долларлик 10 та янги кам тоннали кимё лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган кимё саноатини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда кимё соҳасига 8,3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 87 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Натижада ПВХ, “яшил” водород, кўпикли полипропилен ва БОПП плёнка каби 60 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Шу билан бирга, кимё саноатида ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам сақланиб қолмоқда. Хусусан, тармоқ ўсиш суръатлари республика саноати ўртача кўрсаткичларидан паст экани, кимё маҳсулотлари импорти эса йилига 4,5 миллиард долларга етгани таъкидланди.

Ҳуқуқ органи ходимининг пора олишни рад этгани учун мукофотланиши нотўғри — Антикоррупция агентлиги

Хизмат вазифасини бажариш жараёнида пора олишдан воз кечган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини моддий рағбатлантириш ҳуқуқий жиҳатдан номувофиқ, деб ҳисобламоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги. Идора бу амалиётни бекор қилиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиққан.

Аввалроқ Навоийда минг доллар порани рад этган ЙПХ ходимига 12 млн 360 минг сўм (тақрибан минг долларга тенг) пул мукофоти топширилган, бу эса тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Kun.uzʼнинг бу борадаги сўровига жавобан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги жамоатчилик томонидан билдирилган эътирозларни асосли деб ҳисоблашини маълум қилди.

Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2026 учун якуний таркиби эълон қилинди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий жамоанинг жаҳон чемпионатида иштирок этувчи 26 нафар футболчидан иборат таркибини эълон қилди. «Оқ бўрилар»нинг жангга шай таркибидан уч нафар дарвозабон, ўн нафар ҳимоячи, ўн нафар яримҳимоячи ва уч нафар ҳужумчи жой олди.

Дарвозабонлар: Ўткир Юсупов, Абдувоҳид Неъматов, Ботирали Эргашев.

Ҳимоячилар: Абдуқодир Ҳусанов, Ҳожиакбар Алижонов, Фарруҳ Сайфиев, Рустам Ашурматов, Умар Эшмуродов, Шерзод Насруллаев, Абдулла Абдуллаев, Авазбек Ўлмасалиев, Жаҳонгир Ўрозов, Беҳруз Каримов.

Яримҳимоячилар: Акмал Мозговой, Отабек Шукуров, Жамшид Искандеров, Одил Ҳамробеков, Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов, Достонбек Ҳамдамов, Азиз Ғаниев, Аббосбек Файзуллаев, Шерзод Эсанов.

Ҳужумчилар: Элдор Шомуродов, Игор Сергеев, Азизбек Омонов.

Андижонда 35 млрд сўмлик солиқ кешбэки ўмарилди

Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан “Soliq” иловаси орқали 35,1 млрд сўм маблағ кешбэк сифатида талон-торож қилингани маълум бўлди.

Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда бир қанча фуқаро ўзаро тил бириктириб, кўплаб янги корхона очиб, улар ўртасида жами 1,1 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларини расмийлаштирган.

Сўнгра гўёки савдодан тушган пул маблағларини кирим қилиб, фуқароларга сотилгани ҳақида чек чиқариб, жами 100 минг нафардан ортиқ фуқарога “Soliq” иловаси орқали кешбэк сифатида тўлаб берилгани оқибатида 35,1 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратурага юборилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид