Жаҳон | 08:27
1428
2 дақиқада ўқилади

Эрон билан уруш Конгрессда ҳам баҳсларга сабаб бўлмоқда

АҚШ Вакиллар палатаси президент Дональд Трампнинг Конгресс рухсатисиз Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришини тақиқловчи резолюцияни маъқуллади. Ҳужжатни демократлар билан бир қаторда бир неча республикачилар ҳам қўллаб-қувватлади.

Фото: AP

АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси — Вакиллар палатаси Дональд Трампга Конгресс тасдиғисиз Эронга қарши ҳарбий амалиётларни давом эттиришни тақиқловчи резолюцияни қабул қилди.

CBS News маълум қилишича, бу Эрон билан боғлиқ можаро масаласида Вакиллар палатасининг биринчи марта Оқ уй позициясига қарши чиққан ҳолати бўлди.

Овоз бериш якунларига кўра, резолюцияни 215 нафар конгрессмен қўллаб-қувватлаган, 208 нафари эса қарши чиққан. Ҳужжат демократлардан ташқари тўрт нафар республикачи томонидан ҳам қўллаб-қувватлангани сабабли қабул қилинди.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Эрон билан уруш Трампнинг ўз партиядошлари орасида ҳам тобора камроқ қўллаб-қувватланмоқда.

Бундан аввал, 19 май куни АҚШ Сенати ҳам Трампни парламент рухсатисиз Эронга қарши уруш олиб боришни тўхтатишга мажбур қилувчи резолюцияни кўриб чиқишни маъқуллаган эди. Ўшанда ҳужжатни 50 нафар сенатор қўллаб-қувватлаган, 47 нафари қарши чиққан.

Reuters агентлиги қайд этишича, ҳатто резолюция Конгресснинг ҳар икки палатасида қабул қилинган тақдирда ҳам, Трамп унга вето қўйиши эҳтимоли жуда юқори.

1973 йилда қабул қилинган “Ҳарбий ваколатлар тўғрисидаги қонун”га мувофиқ, АҚШ президенти Конгресс розилигисиз фақат 60 кун давомида ҳарбий ҳаракатлар олиб бориши мумкин. Бу муддат тугагач, у ё ҳарбий амалиётларни тўхтатиши, ёки Конгрессдан расмий рухсат олиши лозим.

Трамп 2026 йил 1 май куни Конгрессга Эрон билан уруш “якунлангани” ҳақида хабар берган бўлса-да, амалда ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Хусусан, май ойи бошида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Кувайт ва Баҳрайндаги АҚШ базаларига қарата ракета ва дронлар учирганини маълум қилган. Бунга жавобан АҚШ ҳарбийлари Ҳўрмуз бўғозидаги Кешм оролида жойлашган Эрон ҳарбий объектига зарба берган.

Трамп эса унинг маъмурияти Эрон раҳбарияти билан урушни якунлаш бўйича музокараларни давом эттираётганини таъкидламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид