Технология | 08:15
570
2 дақиқада ўқилади

Google хавфли касалликларга қарши чивинлар ёрдамида курашмоқчи

Googleʼнинг Verily бўлинмаси АҚШнинг Флорида ва Калифорния штатларида хавфли касалликларни тарқатувчи чивинларга қарши курашиш мақсадида 32 миллион махсус чивинни табиатга қўйиб юборишни режалаштирмоқда.

Фото: Depositphotos.com

Google компанияси жамоат саломатлиги соҳасидаги энг йирик лойиҳаларидан бирини амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Лойиҳа доирасида хавфли инфекцияларни тарқатувчи чивинлар популяциясини қисқартириш учун махсус тайёрланган чивинлардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Тажриба дастлаб АҚШнинг Калифорния ва Флорида штатларида ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг учун компания мамлакат Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигидан махсус рухсат олиш жараёнини бошлаган.

Ташаббусни Googleʼнинг бош компанияси Alphabet таркибига кирувчи Verily компанияси илгари сурмоқда. Режага кўра, табиатга 32 миллион дона эркак чивин қўйиб юборилади. Улар вольбахия бактерияси билан зарарланган бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, эркак чивинлар инсонларни чақмайди. Улар Culex турига мансуб урғочи чивинлар билан жуфтлашади. Натижада туғиладиган авлод яшаб қолмайди ва вақт ўтиши билан хавфли касалликларни тарқатувчи чивинлар сони камаяди.

Лойиҳанинг асосий мақсади денге, Зика вируси, чикунгунья, сариқ иситма ҳамда Сент-Луис энцефалити каби касалликларни тарқатувчи чивинларга қарши курашишдан иборат.

Компания чивинларни кўпайтириш, саралаш ва тарқатиш жараёнларида сунъий интеллект ҳамда роботлаштирилган тизимлардан фойдаланишни режалаштирмоқда. Google вакиллари бу усул дастур самарадорлигини сезиларли даражада оширишини таъкидламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид