Жаҳон | 20:49 / 06.06.2026
773
1 дақиқада ўқилади

Конгода Эбола вирусини юқтириш ҳолатлари сони 450дан ошди

Конго ҳукумати мамлакатда инфекция жадал суръатларда тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Фото: EPA/ТАСС

Конго Демократик Республикасида Эбола вирусини юқтириш билан боғлиқ тасдиқланган ҳолатлар сони 450дан ошди. 

Мамлакат жамоат соғлиғини сақлаш миллий институти маълумотига кўра, вирус юқтириш билан боғлиқ 452 та ҳолат қайд этилган, 82 нафар бемор вафот этган.

Конго ҳукумати мамлакатда инфекция жадал суръатларда тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирди.

ЖССТ 2026 йил май ойи ўрталарида расман халқаро аҳамиятга эга фавқулодда вазият эълон қилганди, бироқ эпидемия амалда бир неча ҳафта олдин бошланган ва пайқалмай қолган. Мутахассислар фикрича, вирус аниқланишидан олдин минтақада бир неча ой давомида айланиб юрган бўлиши мумкин.

The New York Times нашри таъкидлашича, Эбола инфекцияси тарқалиши эълон қилинганидан атиги 10 кун ўтиб, у кузатувлар тарихидаги учинчи энг катта эпидемияга айланди.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитасининг билдиришича, Эбола вируси инфекцияси жиддий касаллик бўлса-да, Ўзбекистонда тарқалиш хавфи паст.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид