Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, Конго шарқидаги Итури провинциясида Эбола вирусига 246 та гумон қилинган ҳолат ва 80 та ўлим ҳолати қайд этилган. Аммо, 16 май ҳолатига ушбу эпидемия – пандемия хавфи мезонларига жавоб бермайди. Шу билан бирга вирус ҳозирда аниқланаётган ва хабар қилинаётганидан кўра “анча каттароқ эпидемия“ бўлиши мумкинлигидан ҳамда минтақавий миқёсда тарқалиш хавфи юқори эканлиги айтилди.

ЖССТнинг маълум қилишича, Эболанинг амалдаги штамми “Bundibugyo” вируси томонидан келтириб чиқарилган бўлиб, унга қарши тасдиқланган дорилар ёки вакциналар мавжуд эмас.

Касалликнинг дастлабки симптомлари қуйидагилардан иборат:

  • Иситма
  • Мушаклардаги оғриқ
  • Чарчоқ
  • Бош оғриғи ва томоқ оғриғи
  • Кейинчалик қайт қилиш, ич кетиши (диарея), тошма ва қон кетиши кузатилади.

ЖССТнинг билдиришича, ҳозирда вирус билан касаллангани лаборатория томонидан тасдиқланган 8 та ҳолат мавжуд. Бошқа гумон қилинаётган ҳолатлар ва ўлимлар эса учта соғлиқни сақлаш зонасида, жумладан олтин қазиб олинадиган Монгвалу ва Рвампара шаҳарлари бўйлаб қайд этилган.

BBC’нинг агентликка таяниб ёзишича, вирус – Конгодан ташқарига ҳам тарқалган. Хусусан, қўшни Угандада иккита тасдиқланган ҳолат қайд этилган. Уганда расмийларининг маълум қилишича, пайшанба куни вафот этган 59 ёшли эркакда тест натижаси ижобий чиққан.

Уганда ҳукумати ўз баёнотида вафот этган бемор Конго фуқароси бўлганини ва унинг жасади аллақачон Конгога қайтарилганини маълум қилди.

Тарқалиш хавфини ошираётган омиллар

ЖССТнинг таъкидлашича, қуйидаги омиллар касаллик тарқалиш хавфини оширмоқда:

  • Конгода давом этаётган хавфсизлик билан боғлиқ вазият ва ҳуманитар инқироз;
  • Аҳоли ҳаракатчанлиги – миграциянинг юқорилиги;
  • Касаллик ўчоқларининг шаҳарларда жойлашгани;
  • Минтақадаги норасмий тиббиёт муассасаларининг кўплиги.

Бугунга келиб, Конго билан чегарадош давлатлар савдо ва саёҳат туфайли юқори хавфли ҳудудлар ҳисобланади.